Бош саҳифа / Дилдаги гаплар / Бир твитга кўп, блогпостга оз ҳикоялар

Бир твитга кўп, блогпостга оз ҳикоялар

Ҳар куни кўчада юрамиз. Турли одамлар, воқеаларга дуч келамиз. Бу воқеалар билан бўлишгинг келади. Лекин, битта твитга кўплик қилади, битта блогпостга озлик қилади. Қуйида ана шундай учта воқеани сиз билан баҳам кўришга қарор қилдим.

***

Эрталаб маршруткага чиқдим. Бир қиз, кўринишидан талабага ўхшади, ҳайдовчига йўл кирага 500 сом тутқазди. Йўл кира 10 сом. Ҳайдовчи: “Майдам йўқ, майда пул беринг” – деб пулни эгасига қайтарди. Ҳалиги қиз бошқа пули йўқлигини айтди.

Бошқа ерларда билмадиму, бизнинг талабаларда шундай ёмон одат бор. Эрталаб ҳайдовчида майда пул оз бўлишини билиб, атайлаб катта номиналдаги купюраларни беришади. Одатда йўл кира манзилга етганда тўлангани учун, ҳайдовчи ноилож талабани пул олмасдан тушириб юборишга мажбур бўлади.

Шу одатдан хабардорлигим, қолаверса, майда пулим борлиги учун, ҳалиги қизнинг 500 сомини олиб, майдалаб бердим. Ҳайдовчи хурсанд, қиз эса, негадир, менга ғалати қараб қўйди.

Шу нарса мени кўп ўйлантиради. Йўловчи қайтимсиз пул тўлаши керакми ёки ҳайдовчи йўловчи берган исталган купюрани майдалаб, қайтим қайтишга тайёр бўлиши керакми? Йўловчи инсоф қилиши керакми ёки ҳайдовчи ишни профессионал тарзда ташкил этиши керакми? Кўпроқ иккинчи вариант бўлса керак, менимча. Лекин, йўловчи ҳам озроқ инсоф қилса, ўз вақтини ҳам, ҳайдовчининг асабларини ҳам тежаган бўлар эди.

***

Сузоқда Бадиш исмли киши бўларди. Асли исми Баҳриддин, ота-онаси болалигида эркалатиб Бадиш дегани учун, уни ҳамма шу исм билан чақирар эди. Даун синдроми бор барча одамлар каби у ҳам бошқача эди. Вазият шу даражага етиб борган эдики, Сузоқда Бадиш сўзи жинни, ахмоқ каби сўкишларнинг ўрнини эгаллаб улгурган эди. Бадиш оламдан ўтиб кетганига ҳам анча бўлди. Йигирма биринчи асрда туғилган болалар уни кўрмаган бўлса ҳам, ажаб эмас.

Бир неча кун аввал кўчадан ўтиб кетаётиб 5-6 яшар ёш қизча ёмғирдан сўнг тўпланиб қолган кўлмакдаги сувни кечаётган 2-3 яшар укасини: “Э, Бадиш!” – деб сўкаётганини эшитиб қолдим.

Сузоқ халқи Бадишни ҳалиям унутмабди. Эҳтимол, халқнинг институционал хотирасини дегани шу бўлса керак…

***

Институционал хотира ҳақида ёза туриб, яна бир воқеа эсимга тушди.

Бир куни ишга кетаётиб маҳаллада мени танийдиган кам сонли қўшниларимдан бирини учратиб қолдим. Эллик ёшлар атрофидаги амаки. Нимадандир жаҳли чиқиб турган экан. Эрталабдан нега кайфияти йўқлигига қизиқдим. “Фалончининг боласига насиҳат қилсам, маҳаллага кеча келиб олиб, энди бизга ақл ўргатасизми, дейди, тирранча” – жавоб берди қўшним. Ваҳоланки, бу қўшним маҳаллага кўчиб келганига 30 йилдан ошган. Тирранча эса ҳали мактабни ҳам тамомламаган бола.

Тавсия этамиз

Ёпишмаган гажаклар ва тўл(дирил)маган абзацлар

Жинпинг. Цзиньпинь. Хуллас шу одамнинг исми-шарифининг ўзбекчада қандай ёзилиши борасида “асосан дунё кўрган, чет тилидаги …

Добавить комментарий