Бош саҳифа / Жамият / Қирғиз тилини қандай ривожлантириш керак?

Қирғиз тилини қандай ривожлантириш керак?

Қирғиз тилининг оммавийлигини ошириш бўйича гаплар Қирғизистон мустақилликка эришгандан бери кўп айтилади, лекин, бу гаплар ҳозирча натижа бергани йўқ.

Бошланишига баъзи фактлар:

  • Қирғиз тилида гаплашувчи аҳоли сони ўсмоқда, лекин, бу шунчаки қирғиз миллатига мансуб фуқаролар улуши ошиши ҳисобига бўлмоқда;
  • Озчилик миллатлардан қирғиз тилини энг яхши биладигани – ўзбеклар. Бошқа миллатлар ўзаро алоқа учун асосан рус тилидан фойдаланади;
  • Бишкек русийзабон шаҳарлигича қолмоқда. Пойтахтда қирғиз тилини билмай яшаш нисбатан осон, рус тилини билмай яшаш эса анча қийин;
  • Мамлакатда юз минглаган қирғиз тилини билмайдиган қирғизлар бор. Улар асосан Бишкекда яшайди.

Бу энг яққол ва исботлаш осон фактлар.

Қирғиз тилининг бошқа исботлаш мушкул баъзи муаммолари ҳам бор, назаримда, бу муаммолар муҳимроқ ва жиддийроқ.

Жиддий муаммолар:

  1. Умуминсоният билим манбаининг жуда катта қисмини қирғиз тилида ўқиш имконияти мавжуд эмас. Масалан, қирғиззабон ўсмир учун Жеймс Жойснинг “Улисс” асарини (бу шунчаки бир мисол) ўз тилида ўқиш имконсиз. Бу китобни ўқиш учун қирғиззабон ўсмир камида рус тилини ўрганиши керак. Бу муаммо ўз ортидан кейинги муаммоларни келтириб чиқаради.
  2. Қирғизча материал танқислиги сабаб бу тилдаги таълим даражаси ҳам анча паст. Бунга ўқитувчиларнинг микроскопик маоши ва заиф тайёргарлигини ҳам қўшинг. Рус мактабларида, одатда, аҳвол яхшироқ. Ҳеч бўлмаганда бу тилда кўпроқ ўқув материалларини топиш (шу жумладан интернетда ҳам) мумкинлиги ҳисобига.
  3. Юқорида икки фактор, қолаверса, пойтахтнинг русийзабонлиги сабаб қирғиз тили “қишлоқ тили”, “қора халқ тили” деган норасмий мақомга эга. Қирғиз интеллигенцияси 70-йиллардаёқ руслашиб бўлган. Жаҳон маданий ёки илмий меросидан бирор нарсани қирғизчага таржима қилиш ҳаракати бунинг қандай кулгили кўриниши ва эшитилиши ҳақидаги ҳазиллар билан қарши олинади. Бу ҳазилларнинг муаллифи кўп ҳолларда қирғизларнинг ўзлари.

Мен бу муаммоларни ҳал қилиш ҳақида кўпдан бери ўйланаман. Дунёнинг ўттиздан зиёд мамлакатларида бўлиб, у ерларнинг ҳар бирида тилга бўлган уникал ёндошувларни кўргач, баъзи хулосаларга келдим.

Хўш, қирғиз тилига қандай қилиб ёрдам бериш мумкин?

Қирғиз тилини билмайдиганларни тинч қўйиш керак.

Қирғиз тилини ривожлантиришга ҳаракат қилаётганларнинг энг катта хатоси – муаммони рус тилида сўзлашувчи аҳолидан қидириши.

Бу умуман нотўғри ёндошув. Бу нарса фақат бир нарсага – русийзабон аҳолини қирғиз тилидан янада узоқлашишига олиб келиши мумкин холос. Шубҳасиз, рус тили мустамлакачилар тили, лекин бугунги муаммоларнинг сабаби у эмас. Ҳамма рус тилида сўзлашувчиларни мажбурлаб қирғизлаштирган тақдирда ҳам ҳеч нарса ўзгармайди.

“Ҳамма давлат тилини билиши шарт” деган шиор бу ультраўнгчиларнинг бўлмағур гапидан бўлак нарса эмас. Бу шиор XIX аср Европадаги миллатчи давлатлар, нацистлар Германияси ва Франко Испаниясига хос.

Қирғиз тилини ривожлантира туриб бир нарсани узил-кесил тушунишимиз керак – ҳеч ким қирғиз тилини билиши шарт ва мажбур эмас. Шундай қилиш керакки, одамлар қирғиз тилини ҳеч кимнинг қистовисиз, ўз хоҳиши билан ўргансин.

Қирғиз тилидаги таълимга эътиборни кучайтириш керак

Қирғиз тилини ривожлантирмоқчи одамлар учун устувор масала – қирғиз тилида сўзлашадиган зиёлилар қатламини шакллантириш бўлиши керак.

Барча куч, сармоя қирғиз мактабларига йўналтирилиши керак, токи, қирғиз тилида равон сўзлаша оладиган ёзувчилар, кашфиётчилар, рассомлар, физиклар, дастурчилар, ва боринг ана космонавтлар етишиб чиқсин.

Шунингдек, жаҳон билимлар манбаидан қирғиз тилида фойдаланиш имконини яратиш керак. Бу нарсани қандай амалга ошириш ҳақида қуйида гаплашамиз.

Қирғизча-инглизча гапирадиган билингволарнинг тарбиялаш

Мана кимлар етишмайди бугун Қирғизистонга!

Инглиз тили – энг илғор билимлар манбаи. Француз, немис ёки хитой тили ўрганаётганлар хафа бўлмасину, лекин, улар оммавийлиги ва фойдаланиши борасида инглиз тилига ета олишмайди.

Қирғизистонда бир вақтнинг ўзида ҳам қирғиз, ҳам ингиз тилида сўзлаша оладиган одамлар сони кечириб бўлмас даражада оз. Қанчалик ғалати туюлмасин, айнан инглиз тилини оммавий ўргатилиши қирғиз тили ривожини янги босқичга олиб чиқади.

Бунга Нидерландия, Финландия ва Германия яққол мисол. Бу давлатнинг ҳар бирида аҳолининг катта қисми инглиз тилида сўзлаша олади. Шу вақтнинг ўзида бу нарса нидерланд, фин ёки немис тилига заррача зиён келтирмаган. Аксинча:

а) Бу давлатлардаги болалар каттароқ билим манбаидан фойдаланиш имконига эга. Фақат она тилида гапирганида бу имконсиз бўларди.

б) Бу давлатлар фуқаролари инсоният тараққиётининг олдинги қаторида бормоқда;

в) Бу давлатларда қизиқарли материалларни ўз она тилига таржима қилувчилар сони инглиз тили ўргатилиши паст даражада бўлган даврга нисбатан анча кўпайган.

Қирғиз тилини ривожлантириш учун қирғиззабонлар орасида дунёнинг исталган нуфузли университетларига ўқишга кира оладиган, катта илмий тадқиқотларга бошчилик қила оладиган одамларни тарбиялаш керак. Инглиз тилисиз бу ишни уддалаш амалда имконсиз.

Қирғиз тилини ривожлантириш тепадан эмас пастдан бошланиши керак

Ҳукумат ёки парламентнинг қирғиз тилиниривожлантириш йўлидаги аҳмоқона репрессив ва регрессив ташуббусларидан йиғлагинг келади. Ривожланиш аввало қирғиз тилида сўзлашувчи жамоатда ва унинг ўзи учун бошланиши керак. Шундагина бир иш чиқади.

Мен таклиф қилган ишлар катта молиявий чиқим талаб қилмайди ва барчасини Қирғизистонда бугунги кунда мавжуд имкониятлар билан ҳам қилиш мумкин. Бошлаш керак холос.

***

Сўнгги сўз ўрнида менга илхом бағишлаган икки инсон ҳақида.

Бу йил апрелда Истанбулда Туркиянинг энг сара ижодкор ва олимларини ўзига жам қилган TEDx тадбирида сўзловчи сифатида қатнашдим.

Турк тилини билмаганим учун сўзга чиққанларнинг маърузаларини инглизча синхрон таржима ёрдамида эшитиб ўтирдим. Бир вақт қулоқчин ишдан чиқди ва мен таржима эшитиш имкониятини йўқотдим.

Бу вақтда Кембридж университети профессори Мете Ататўре саҳнада эди. Унинг физика ҳақидаги маърузасини туркча тинглаб ўтириб, қулоғимга қирғиз тили орқали таниш баъзи сўзлар чалингандек бўлди.

Ўзингиз ҳам эшитиб кўринг.

Мана мен нима ҳақида орзу қиламан! Қанийди шартли Кембриджда қирғиз тилида кашфиётлар ҳақида бемалол сўзлай оладиган физик олимларимиз бўлса.

Ёки яна бир мисол кўкрак саратонига чалинган аёллар учун имплант яратиш устида ишлаётган – Ўзге Акбулут.

Мен, масалан, норинлик олима қирғиз тилида дунё фойдаланётган кашфиёт ҳақида сўзлашини орзу қиламан.

Мете ҳам, Ўзге ҳам идеал давлатда воя етишмаган. Туркияда ҳам баъзи озчиликлар миллатлар таъқиб қилинган, “Ҳамма турк тилини билиши керак” шиори давлат сиёсати даражасига чиққан.

Мете ва Ўзге, масалан, курдларнинг туркча билиш билмаслигига эътибор бермай ўқишган. Яна ҳам муҳими – улар ёшлигидан инглиз тили ўрганишган. Инглиз тили улар учун дунёга йўл очган. Эндиликда улар олган билимларини турк тилида баҳам кўришмоқда.

Мана шундай одамлар сабаб турк тилини ўз хоҳиши билан ўрганувчилар сони кўпаяди. Қирғиз тилини ҳам шу йўл билан ривожлантириш керак. Агар бизда ҳам ўзимизнинг Мете ва Ўзгеларимиз чиқса, қирғиз тилини оммавийлигини ошириш учун бирор ҳаракат қилишга ҳам ҳожат қолмайди.

Бектур Искендер

Kloop.kg сайтидан олинди.

Оригинал мақолага ҳавола: http://kloop.kg/blog/2016/07/18/bektur-iskender-kak-sdelat-kyrgyzskij-yazyk-populyarnym/

Тавсия этамиз

Риочилар ва Санжар Саид ҳақида

Агар биз сизнинг ишончингизни оқламаган бўлсак – бу бизнинг муаммоимиз эмас – бу сизнинг муаммо. …

Добавить комментарий