Бош саҳифа / Блогинг / Наталя (Таля). Хохлушка

Наталя (Таля). Хохлушка

Ўтир, чой ичамиз, деди ва ўзи ошхонага кириб кетди.

Газ плитага чой қўйди. Сув қайнатиладиган тунука чойнакнинг ўзига чой дамлади. Ундан аввал косанишаб идишга солинган «Большая чаша» деган лапша-макароннинг устига қайнаган сувнинг бир қисмини қуйди. Лапша тиниши учун устини тарелка билан ёпди, бўлка кесди ва тантановор равишда эълон қилди: — Лапша еймиз.

Мен студентликнинг дастлабки икки йилида жуда қашшоқ ҳаёт кечирганман. Лекин Таля турмуши, ейиш-ичиши мендан ҳам қашшоқроқ эди.

Шу аҳволида мени лапша билан меҳмон қилмоқчи бўлганини тушуниб, тўғриси, уялиб кетдим, ҳозир келаман, деганча дўмдан пастга тушдим. Оқтепа айланмасидаги бекат олдидаги дўкондан тўртта тухум ва канадский сосиска, бунга қўшиб 2 шиша «Олмалиқ 4» пивосидан олдим. Студентчилик қурсин, пивони фақат стипендия чиққан кунлардагина ўзимга раво кўрардим. Нима бўлса, бўлди, гулят қилсак, қиппизда.

Қайтиб чиқсам, Таля кутиб ўтирган экан. Бозорликни кўриб қувониб кетди. Тухум ва сосискани дарров қайнатиб келди. Қовургани ёғи йўқ экан — билганимда ёғ ҳам олардим. Иккинчи овқат деб қайнатилган тухум-сосискани столга қўйди. Демак, лапша — биринчи овқат бўлади.

Ўтирдик. Пивони очиб, стаканларга қуйдим. Таранг қилмасдан ичди. Ўзини бошқатдан таништира бошлади. Таля деган исмни эшитмаган эдим, қора қош-қора кўзлигидан, аввалига татарми, арманими бўлса керак, деб ўйловдим. Наталя экан тўлиқ исми. Наталя эканини эшитиб дарров сўрадим: — Ўрисмисан?…

Ўша пайтларда ўрисларни ёмон кўрардим, ўқувчилигимда уруғлашни бошлаган миллатчилик касали студентлигимда роса авжига чиққан. Мен ва атрофимдагилар кўраётган етишмовчилик, қийинчилик, оғир турмуш учун фақат ва фақат ўрислар айбдор эди — менинг назаримда. Аҳмоқлигим даражасига бир мисол шуки, метрода, автобусда ўтирган бўлсам, ўрис кампир ё чол чиқиб қолса, жой бермасдим. Миллатчилик ўсмирлик касали, ўсмирлик — тана ва онг улғайиши мутаносиб юз бермайдиган давр-да, онг ортда қолаверади. Кўпчиликни, хусусан мени ҳам миллатчилик ўсмирлик билан бутунлай тарк этган. Майли бу энди бошқа мавзу.

— Йўқ, украинкаман, хохлушка.

Енгил тортдим — ҳайрият-э. Елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди. Ёқиб бораётган Таля яна ёқишни бошлади.

Наталя Янгиерда туғилган экан. Ота-онаси совет даврида Сирдарёдаги қанақадир қурилиш сабаб Украинадан келиб қолишган. Отаси аввалроқ Украинага — Николаев шаҳрига кўчиб кетган, Таля онаси билан қолган, лекин улар ҳам кўчиб кетиш арафасида. Отаси билан бирга кетишмагани сабабларидан бири — Талянинг ўқишни тугатмагани ва уйларини сотишмаган. ИнЯзда 4-курсда, инглиз тили филологиясида ўқиркан. Мендан салкам 3 ёш катта. Ёлғиз фарзанд. Бу квартира отасининг Янгиерлик қандайдир танишига тегишли. Таля свет-пвет, газ-пазини тўлаб туради холос.

Овқатланиб бўлгунимизча сўроққа тутдим. Қизиғи шуки, обдон суриштирган фақат мен бўлдим. У менинг кимлигим ва қаерда ўқишимдан бўлак бирон маълумот сўрамади. Пиво, студентча овқат ва суҳбат орамиздаги масофани бутунлай йўқотди. Иззатим битмасдан қайтиш ҳам керак. Танишганимиз зўр бўлди, энди кетайин, анови журнални берсанг, дедим.

Таля сочилиб ётган китоб-журналлар орасини титкилаб, «Иностранка»нинг учта сонини топди. Варақладим, «Сатанинские стихи» тўлиқ эмас, айрим қисмлари чоп этилган экан. Майли, йўқдан кўра юпанчиқ. Таля ваъда бердики — сен учун қолганиниям, ҳаммасини топиб бераман, лекин, келиб тур. Юрагим ҳаприқиб кетди. Таля мен учун ҳаммасини топиб беради. Бормисан, Таля!

Рост гап шуки, институтда қизлар масаласида омадим юришмаган. Бир ҳурлиқони яхши кўрардим. Ҳурлиқо элга машҳур бир инсоннинг набираси эди. Ақлим жойида бўлган, УМУМИЙ ПЕРСПЕКТИВА ва ШАНС йўқлигини билардим. Лекин манманлик қурсин, изҳори дил қилганман ва ҳурлиқони илк учрашувга КУТУБХОНАга таклиф этганман. Ҳурлиқо буни ҳамма курсдошларга, курсдошлар бу ёқда турсин, бутун институтга овоза қилган. Томи кетган Б. Ҳурлиқони Кутубхонага таклиф этипти — тайёр Анекдот. Ўшанда кўнглим қаттиқ оғриган, яраланган, шунча яраланганки, ҳалигача чандиғи бор.

Торгина коридорида ўпишиб хайрлашган бўлдик. Остонадан чиқар пайтим, қўлимдан ушлаб қайтарди. Қўлимни қўйиб юбормай, тўғри ётоғига олиб кирди. Шошмасдан ечинди. Бўлиқ аъзолар бунча ихчам танага жойлашган бўлиши мумкинлигини тасаввур этмагандим. Анчагина довдирадим. Сезди. Мени ҳам ўзи ечинтирди. Бир ярим кишилик каравотда биринчи марта ҳаммасини ўзи бажарди. Кўп вақт кетмади.

Шивирлади:

— Қоласанми?

— Қоламан.

Бу кеча Талянинг бағрида қолдим. Алвидо, Ҳурлиқо…

Давоми бор…

Тавсия этамиз

Варламов бўлишни истайсизми?

Россиялик машҳур блогер Илья Варламовни биласиз а? Шунга ўхшаган машҳур блогер бўлиб кетишни истайсизми? Бугун …

2 комментария

  1. DilshodBek, Samarqanddan

    Ох усмирлигим, ёшлигим. Ха, Украин қизлари… Охирги марта қачон ўқиб мазза қилганимни эслай олмайман. Лекин буни ўқиб ҳақиқатдан ҳам мазза қилдим. Айниқса-чи мана бу сатрларни:

    «Шу аҳволида мени лапша билан меҳмон қилмоқчи бўлганини тушуниб, тўғриси, уялиб кетдим, ҳозир келаман, деганча дўмдан пастга тушдим. Оқтепа айланмасидаги бекат олдидаги дўкондан тўртта тухум ва канадский сосиска, бунга қўшиб 2 шиша «Олмалиқ 4» пивосидан олдим. Студентчилик қурсин, пивони фақат стипендия чиққан кунлардагина ўзимга раво кўрардим. Нима бўлса, бўлди, гулят қилсак, қиппизда».

    «ўқувчилигимда уруғлашни бошлаган миллатчилик касали студентлигимда роса авжига чиққан. Мен ва атрофимдагилар кўраётган етишмовчилик, қийинчилик, оғир турмуш учун фақат ва фақат ўрислар айбдор эди — менинг назаримда. Аҳмоқлигим даражасига бир мисол шуки, метрода, автобусда ўтирган бўлсам, ўрис кампир ё чол чиқиб қолса, жой бермасдим. Миллатчилик ўсмирлик касали, ўсмирлик — тана ва онг улғайиши мутаносиб юз бермайдиган давр-да, онг ортда қолаверади. Кўпчиликни, хусусан мени ҳам миллатчилик ўсмирлик билан бутунлай тарк этган».

    МАНА ШУНДАЙ АЖОЙИБЛАРИ КЎП БЎЛСИН, РАХМАТ СИЗГА

  2. DilshodBek, Samarqanddan

    Aдашмасам «Большая Чаша» Хитойники эди. Энди, энди «лапша»лар титапоя қилаётган вақтлар эди 🙂

Добавить комментарий