Бош саҳифа / Блогинг / Блогерлар барибир мавжуд!

Блогерлар барибир мавжуд!

“Кашин” сайти ўтказган “Йилнинг энг яхши журналисти” танловида ғолиб бўлгач “Варламов – блогер, нега энди у йилнинг энг яхши журналисти бўлади?” деган эътирозлардан чарчаганми, ҳар қалай, кеча Илья Варламов ўзининг блогер эмаслиги ҳақида каттагина мақола ёзибди.

Варламовнинг айтишича, умуман блогер деган касб ёки ҳунар йўқ экан. Балки блог деган мулоқот воситаси бор экан. Тўғри, Илья Варламовни блогер деб бўлмайди, чунки “Варламов.ру” блог эмас. Сайт ОАВ сифатида рўйхатга олинганини Россия қонунчилигининг ўзгачалигига йўйсак ҳам, янгиликлар бўлими бошлиғи, реклама бўлими бошлиғи ва ҳоказо лавозимларда бутун бошли жамоа ишлайдиган сайтни “Илья Варламовнинг блоги” деб аташ чиндан ҳам тўғри эмас. Варламов — журналист, шахсий интернет нашрнинг бош муҳаррири.

Журналист ўзи ким ва унинг миссияси нима? Менинг тушунишим бўйича, журналист (яъни ҳақиқий журналист, СССРнинг пропагандистлари билан адаштирманг) ўз аудиториясига тезкор, кенг қамровли, ишончли ва холис ахборот етказиб бериши керак бўлган ва бу жараёнда ўзининг шахсий қарашларини бир чеккага йиғиштириб қўйиши керак бўлган шахс. Бу журналистнинг касбий бурчи. Ҳудди полициячи жиноятчини ушлаши, ўқитувчи болаларга билим бериши, доктор касални даволаши керак бўлганидек.

Блогер бу блогер. У ҳеч ким олдида ҳеч қандай мажбурият ҳам, масъулият ҳам олган эмас. Бирор янгиликни ёритса ҳам, ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб ёритади. Ўқитувчи мактабдан келиб жиноятчиликка қарши кураш ҳақида, полициячи эса ишдан кейин таълим сифатини ошириш ҳақида бемалол блог юритиши мумкин. Ўз ҳаёти, тажрибаси ва кундалик кузатувлари натижасида пайдо бўлган фикрларини бошқалар билан баҳам кўриши мумкин. Бу билан полициячи ёки ўқитувчи журналист бўлиб қолмайди.

Ўзини блогер деб биладиган одам сифатида айтишим мумкин — мен ўзимни журналист деб ҳисобламайман. Блог юритиш жараёнида ўзимни бошқа бирор касб вакили деб ҳам билмайман. Қолаверса, ўз олдимга одамларга тезкор ва холис ахборот етказишни мақсад қилиб ҳам қўймаганман. Ўзимга қизиқ мавзуларда, бўш вақт ва хоҳиш бўлганида бир нарсалар қоралаб тураман. Таксида қизиқроқ воқеага гувоҳ бўлсам, ўша ҳақида ёзишим мумкин. Тушкунликка тушсам, аламимни блогимдан олиб, яна бир нарсалар ёзишим мумкин. Ва ҳоказо.

Хуллас, блогер деган касб йўқ бўлиши мумкин, лекин, блогер деган одам мавжуд. Келишдик а?! 🙂

Варламов ва унинг сайти муваффақияти – Россияда ҳақиқий журналистика йўқ эканлигининг яна бир исботи холос. Атроф пропаганда билан тўлиб ётганда, албатта, одамлар бошқа ахборот манбаларига эҳтиёж сезади. Бу бўшлиқни Варламов ва унга ўхшаган “блогер” журналистлар тўлдиришмоқда. Умуман, Варламов ўз мақоласида келтирган мисолларнинг аксари фақатгина Россияга таалуқли.

Масалан, классик ахборот воситалари ҳақида. АҚШ ёки Британияда (ёки журналистика мавжуд бошқа бир ўлкада) фаолият юритаётган журналист ўз шахсий сайтини очишдан кўра The New York Times, Washington Post, The Guardian каби нашрларда ишлашни афзал кўришига ишонаман.

  • Бу нашрларнинг обрўси ва репутацияси баланд. Одамлар шахсий сайтда чиққан гапдан кўра, ўша нашрлар айтган гапга кўпроқ ишонади.
  • Бу нашрлар орқали журналист каттароқ аудитория учун ишлаши мумкин. Шахсий сайт яратиб уларникидан катта аудиторияни жалб этиш деярли имконсиз.
  • Бу нашрлар яхшигина молиявий имкониятларга эга. Журналист ўз ғояларини амалга ошириши учун улардан фойдаланиши мумкин. Оқибатда нашр ҳам, журналист ҳам бундан мўмай даромад қилиши мумкин.

Умуман, журналистика мавжуд жойда, яъни, журналист ўз бурчини, миссиясини бажариши учун имконият бор жойда “Варламов.ру” каби шахсий оммавий ахборот воситаларига катта эҳтиёж сезилмайди. Кашин ёки Варламовнинг ўзи айтганидек, нормал давлатда Варламов ёки Навальний қилаётган ишни оммавий ахборот воситалари қилиши керак.

Нима бўлганда ҳам, Илья Варламовни “Йилнинг энг яхши журналисти” танловидаги ғалаба билан табриклайман! Йилнинг энг яхши журналисти ҳам, блогери ҳам пропагандачи бўлганидан кўра шуниси яхшироқ, менимча. Омон бўлинг!

Тавсия этамиз

Наталя (Таля). Хотима

Таля билан боғлиқ батафсил интим тафсилотларни кутаётганларнинг ҳафсаласини пир қиламан. Бу томони энди ўта шахсий …

Добавить комментарий