Бош саҳифа / Дилдаги гаплар / Ёпишмаган гажаклар ва тўл(дирил)маган абзацлар

Ёпишмаган гажаклар ва тўл(дирил)маган абзацлар

Жинпинг. Цзиньпинь. Хуллас шу одамнинг исми-шарифининг ўзбекчада қандай ёзилиши борасида “асосан дунё кўрган, чет тилидаги китоб-журналларни сизу биздан бироз кўпроқ кўрган”лар эътироз билдириб, унга “болаларини рус боғча-ю, рус мактабга бериш ниятидаги ичкаридаги омма” учун ёзаётган журналистлар жавоб бериб ҳам улгурди.

Тўғри, ахборот каналлари борасида ҳалиям рус мустамлакасимиз. Тўғри, ўзбек тилидаги аксар ахборот сайтларининг асосий вазифаси – рус сайтларида эълон қилинган хабарларни баҳоли қудрат таржима қилиб ўқувчиларга етказиш. Лекин мана шу қарамликнинг сабаблари ҳам қизиқ.

Масалан, 90-йилларда ўзбек журналистларининг кўпи рус тилидан бошқа чет тилини билмаган, ўрганишга ҳам имконият унча кўп бўлмаган. Қолаверса, улар совет журналистика мактабининг маҳсулоти эди. Лекин ҳозирги инглиз тили мактабдан то университетгача ўргатиладиган замонда тарбия олган ёш журналистлар ҳам, негадир, манба сифатида асосан (рус тилидаги ҳам эмас) Россия сайтларини танлашади. Ўзбек ўқувчи дунёда юз берган бирор воқеа ҳақида Guardian’даги хабар таржимаси орқали билди нима-ю, Лента.ру материали таржимасидан билди нима? Бу ўзбек журналистлари Россияни ҳалиям “ўзимизники” деб билишининг оқибатими ёки уларда манба танлаш борасида қандайдир чекловлар борми?

Қирғизистон, масалан, нафақат ахборот каналлари, балки, сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан ҳам Россияга қарам. “Первый канал”, РТР каби телеканаллар сунъий йўлдош ёки кабель телевидениелари эмас, алоҳида частота орқали эфирга чиқадиган Собиқ Иттифоқдаги ягона давлат бўлса ҳам ажаб эмас. Лекин, оммавий-ахборот воситалари, хусусан интернет-нашрлар манба танлаш борасида кўп ҳам ўзларини чеклашмайди. (Айтганча, қирғиз тилида Пекин Бээжин деб ёзила бошлаганига ҳам анча бўлиб қолди.) Бу уларда қандайдир чекловларнинг йўқлиги натижасими ёки таҳририятнинг қизиқроқ материал тайёрлаб, ўқувчилар ва реклама берувчиларни ўзига жалб қилиш учун курашининг оқибатими, бунисини ҳам билмадим.

Умуман олганда, ахборот етказиш бўйича ўз андозамиз йўқ бўлганидан кейин, табиийки, бировнинг андозасидан фойдаланишга мажбурмиз. Мен ёш журналистлар инглиз тилини билади, деб иддао қилганим билан, ҳалиям рус андозаси ишлатиляптими, демак, инглиз тилида ўқишни, ёзишни биладиган, мунтазам равишда Ғарб нашрларни кузатиб борадиган ёш журналистлар ҳалиям жуда оз.

Яна бир гап, ҳали Озарбойжон (Озарбайжон) ва Оман (Уммон, Ўмон) давлатларининг ёзилиши борасида бир қарорга келмай туриб, балки, Жинпинг ҳақида гапиришга эрта ҳамдир…

Майли, журналистларнинг ғийбатини тўхтатиб, алифбо ва тил масаласига қайтсак. Аслида, 1993 йили кириллдан воз кечилиб лотин алифбосининг жорий этилишидан асосий мақсад – ўша ахборот қарамлигидан қутулишни тезлаштириш бўлган бўлса, ажаб эмас. Лекин, мана 20 йилдан зиёд вақт ўтган бўлсада, ҳалиям на лотинга тўлиқ ўтилди ва на ахборот қарамлигига барҳам берилди.

Биз “Жинпинг”лаб ўтирган бир даврда АҚШ Давлат департаменти мустақилликни қўллаб-қувватлаш мақсадида Марказий Осиё республикаларига бериладиган ёрдам ҳажмини муҳокама қилди. Давлат котиби ёрдамчиси Дэниел Розенблумнинг айтишича, Россия пропаганда машинасининг минтақадаги жамоатчилик фикрига катта таъсир ўтказиши ҳисобга олиниб, АҚШ ёрдам дастури доирасида Марказий Осиёдаги ОАВ билан ишлаш ҳам кўзда тутилган. Яъни, бу ёрдам ахборот бошқарувида андозаларни ўзгартириш масалаларини ҳам ўз ичига олади.

Кеча “Жинпинг” мавзусини ижтимоий тармоқларда муҳокама қилиш жараёнида бир дўстимиз Япониядаги тил кенгаши ҳақида айтиб берди. Бу кенгаш аъзолари турли иероглифларнинг ёзилиш тартибини белгилар экан. Шу белгиланган тартибда ёзилмаса, хато ҳисобланар экан. Қолаверса, ўша ёзилиш тартибини билмасангиз, иероглифлар ўхшамайди ҳам. Бахсли иероглифлар учраган тақдирда, овоз бериш йўли билан ўша иероглифларнинг ёзилиш тартиби белгиланар экан. “Японлар шундай мураккаб ишларни қилиб ўтирганда, нега биз Xi Jinping’ни ўзбекчалаштира олмаяпмиз?” – деган жавоби йўқ савол берилди.

Кечаги суҳбатимизни яқинда Ўзбекистон Республикаси президенти фармонига мувофиқ ташкил этилган Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети юқоридигидек мавзулар, қолаверса алифбо юзасидан тез орада якуний нуқта қўйиши ва зарур дастурий қўлланмаларни ишлаб чиқишига умид боғлаб якунладик. Гарчи кўнглимизда янги университет Навоийхонлик кечалари-ю, тил байрамлари ташкил этишдан бошқа тайинли иш қилмаслиги мумкинлиги борасида асосли қўрқув ва ҳадик бўлса ҳам…

Тавсия этамиз

Шам ёнар эди…

Қўнғироқ Андрей Петрович бутунлай умидсизликка тушган бир маҳалда жиринглади. — Салом, мен эълон бўйича қўнғироқ …

Добавить комментарий