Бош саҳифа / Дилдаги гаплар / Жаҳонгир Аҳмедов ҳақида

Жаҳонгир Аҳмедов ҳақида

Россия Федерацияси фуқароси Леонид Сафянниковнинг ўлимида гумон қилинаётган Ўзбекистон фуқароси Жаҳонгир Аҳмедовнинг ишида айрим нарсалар менга ғалати туюлди.

Аввало, Сафянниковнинг ўлими ҳақидаги хабар берган деярли барча Россия оммавий ахборот воситалари марҳумнинг “Спартак” футбол клуби ишқибози эканлиги ва гумондор ўзбек эканлигига алоҳида урғу беришди. Агар Сафянников “Лужники” стадиони яқинида “Спартак” иштирокидаги ўйиндан кейин ўз севимли жамоаси формасида ўлдирилганида, эътирозим йўқ эди. Лекин воқеа 2014 йилнинг 13 май куни Пушкино темир йўл стансияси яқинидаги бозорда содир бўлган. Шундай экан, марҳумнинг “Спартак” мухлиси эканига алоҳида урғу беришдан мақсад нима, деган савол пайдо бўлади. Маълум бўлишича, Москванинг “Спартак” футбол клуби мухлисларидан миллатчилик бобида фақат “Зенит” мухлислари устун келиши мумкин экан.

Демак, марҳумнинг қайси жамоа мухлиси, гумондорнинг қайси миллатга мансуб эканини бот-бот эслатилишидан мақсад – “Спартак” фанатларини Москвадаги ўзбекларга қарши зўравонликларга ундаш эмасмикин, деб хулоса қилиш мумкин. Айниқса, 2010 йилнинг декабрида яна бир “Спартак” мухлиси Ёгор Свиридовнинг ўлими ортидан келиб чиққан тартибсизлик ва зўравонликларни ҳисобга олганда, бундай хулосага келишга асослар етарли.

Русларда ўзбекларга нисбатан салбий қараш уйғотиш кимга ва нима учун керак бўлиб қолганининг асл сабаби, табиийки, менга қоронғу. Лекин, тахминим йўқ эмас. Эсингизда бўлса, «Хотира ва қадрлаш куни» журналистлар билан бўлган мулоқотида президент Ислом Каримов давлатларнинг сиёсий суверенитети ва чегаралари дахлсизлигининг бузилишига йўл қўймаслик зарурлиги ҳақида гапириб, амалда Украинанинг ҳудудий яхлитлигига дахл қилинишини қоралаган эди. Бу ўз-ўзидан Ўзбекистон Россиянинг бугунги кунда Украина бўйича олиб бораётган сиёсатини қўллаб-қувватмаслини англатади.

Сафянников ва унинг ўлими атрофида юзага келтирилаётган (сунъий) шов-шув ана шу баёнотга муносабат эмасмикин, деган тахминни юзага келтирди. Шундай бўлса ҳам, кеча @kainbek айтганидек, бу ишларга сиёсат аралашмаганига умид қиламан.

Бугун эрталаб Жаҳонгир Аҳмедов қариндошлари қистовига кўра Россияга қайтиб учиб боргани ва “Домодедово” аеропортида қўлга олингани ҳақида хабар берилди. Гарчи унинг ўз хоҳишига кўра, Ўзбекистонни тарк этгани айтилган бўлса ҳам, унинг Москвага қайтиб боришида қариндошларидан ташқари Ўзбекистон хуқуқ-тартибот идораларининг ҳам ҳиссаси борлигини тахмин қилиш қийин эмас. Хушнуд Худойбердийев «Твиттер»да экстрадициянинг хуқуқий асослари ҳақида маълумот берган бўлса ҳам, давлатнинг ўз фуқароларини бошқа давлат хуқуқни мухофаза қилувчи органларига топширишини умуман қўллаб-қувватламайман. Ўзбекистон Россия билан ўзаро жиноятчиларни ушлаб бериш ҳақида шартномага эга бўлиши мумкин, лекин, давлат ҳаттоки жиноятчи фуқаросини ҳам химоя қилиши керак, менимча. Отамиз шўхлик қилиб уйга қочиб келсак, қўл-оёғимизни боғлаб қўшнига топширмайди-ку?! Тўғри, жазолайди, лекин, уйдан ҳайдамайди. Жаҳонгир Аҳмедовни ҳам Тошкентда қўлга олиб, айбдор бўлса Ўзбекистонда Ўзбекистон қонунлари асосида ҳам жазога тортиш мумкин эди-ку?! Лекин, расман у экстрадиция қилинмаган ва бу ҳақида гапириш энди бефойда…

Жаҳонгир Аҳмедовни русларга топшириш Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирлари ҳаётини хавф остига қўймаслик учун қилинган деган гапга қўшилиш ҳам, қўшилмаслик ҳам мумкин. Бир тарафдан Россия полицияси, дарҳақиқат, ўзбекистонликларга ортиқча босим ўтказмаслиги мумкин, лекин, футбол мухлислари ниқобидаги шовинистик тўдалар зўравонликларида давом этмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Тавсия этамиз

Ёпишмаган гажаклар ва тўл(дирил)маган абзацлар

Жинпинг. Цзиньпинь. Хуллас шу одамнинг исми-шарифининг ўзбекчада қандай ёзилиши борасида “асосан дунё кўрган, чет тилидаги …

Добавить комментарий