Бош саҳифа / Сиёсат / Тизимли ислоҳотлар ҳақида

Тизимли ислоҳотлар ҳақида

Бизга тизимли ислоҳотлар керак, шунчаки одамлар алмашгани билан ҳеч нарса ўзгармайди, деган гапни кўп эшитган бўлсангиз керак. Бизнинг сиёсатчилар оғзидан баландпарвоз гап, популизмга ўхшаб кўрингани билан, аслида, бу гапда жон бор. Буни биз ёмон кўрадиган Ғарб, хусусан АҚШ мисолида кўришимиз ва уни Ўзбекистонда ислоҳот сифатида кўрсатилаётган ҳаракатлар билан таққослашимиз мумкин.

АҚШ ҳам, Ўзбекистон ҳам ўз тизимига эга. Ҳар икки тизим ҳам анча мустаҳкам.

Америка тизимининг мустаҳкамлиги, айниқса, Дональд Трамп президент бўлиб сайланганидан кейин яққол кўринди. Аввалига ҳаммаёқни остин-устун қилиб юборилиши кутилган Дональд Трамп катта қаршиликка дуч келмоқда. Прокуратура ва суд унинг бир қатор Яқин Шарқ давлатлари фуқароларини АҚШга киритмаслик ҳақидаги фармонини “блок” қилган бўлса, ҳар икки палатаси Трампнинг республикачи партиядошлари қўлида бўлган Конгресс “Obamacare”ни бекор қилиш кутилганидек осон бўлмаслигини кўрсатиб қўйди. Бу АҚШ тизими. Бу ерда бир одам, гарчи у дунёнинг энг қудратли давлати раҳбари бўлса ҳам, ўзи хоҳлаган ишини қила олмайди. Бир-бирини тийиб туриш механизми бунга йўл қўймайди. Дональд Трамп ўзи истаган тақдирда ҳам диктатор бўла олмайди.

Ўзбекистонда ҳам тизим мустаҳкам дедик. Энди исботлашга уриниб кўрайлик. Бундан бир муддат муқаддам президент Мирзиёев “тўсатдан” 23 ёшли йигитчани вазир ўринбосари этиб тайинлади. Эртаси куни эса, янги қон, янгича фикр, янгича услуб олиб кириши керак бўлган ёш вазир ўринбосари барча ижтимоий тармоқлардан кетганини маълум қилди. Керак бўлса 25 соат ишлашга ҳам тайёр эканини билдирди. Сизга қандай билмадиму, лекин мен учун бу тизим ишлаб турганининг бир исботи. Демак, давлат амалдорларининг халқ билан бевосита мулоқот қилиши бу тизимга хос эмас. 23 яшар бўласизми, 73 яшар бўласизми бу тизимда, умуман олганда, бир хил замминистр бўласиз. Куни кеча Шавкат Мирзиёев вазирларга, чиновникларга ижтимоий тармоқларда саҳифа очиш бўйича кўрсатма берибди. 23 ёшли вазир ўринбосари яна ижтимоий тармоқларга қайтиб, тизим мустаҳкам эканини яна бир бор исботласа, ажаб эмас.

Кеча Фейсбукда Сардор Салим ҳадеб масжид қуришга зўр беравермай, шунга кетаётган пулларнинг бир қисмини ёшларни АҚШ, Британия, Германия, Франция каби давлатларнинг етакчи олийгоҳларига жўнатишни таклиф қилибди. Яъни, президент Каримов асос солган ва кейин ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетган “Умид” фондига ўхшаш нарса ташкил қилиш таклиф қилинган. Гарчи бу таклиф менга ёққан бўлса ҳам, тизимли ўзгаришлар бўлмас экан, ёшларни чет элга ўқишга юбориш муаммога ечим бўла олмайди. Тасаввур қилинг, пул тўпланиб, бир гуруҳ ёшлар чет элга ўқишга кетди. Истаймизми, йўқми, улар Ғарб системаси ва қадриятларига мос кадр бўлиб етишадилар. Улар Ўзбекистонга қайтиб келиб турган гапки, ўша ерда ўзлари ўрганган тизимни қуришга ҳаракат қилишади. Лекин юқорида биз айтиб ўткан мустаҳкам тизим бунга йўл қўймайди. Озгина вақтдан кейин ёки улар ҳам ўзимиз таниган, билган чиновниклардан фарқи қолмайди, ёки бу ерга сиғмай яна ўша лаънати Ғарбига қайтиб кетишга мажбур бўлади. Қачонки барча “ўйинчилар” тизимни тубдан янгилашга тайёр бўлса, бунинг учун ёш, билимли кадрларга эҳтиёж сезса, улар қайтиб келгач янги тизим қуриш ишлари ўшаларга тўлиқ топширилса, ана ўшанда бирор натижадан умид қилса бўлади.

Хуллас, бизга тизимли ислоҳотлар керак.

Тавсия этамиз

Нега Россия АҚШга мағлуб бўлади?

Кеча ўқиганим Илья Варламовнинг навбатдаги блогпости менга ёқиб қолди ва уни таржима қилишга қарор қилдим. …

Добавить комментарий