Бош саҳифа / Сиёсат / Эрон ва Ғарбнинг умумий ғалабаси

Эрон ва Ғарбнинг умумий ғалабаси

Эрон ядро дастури бўйича кеча тунда эришилган келишув бир қарашда Ғарб, хусусан АҚШнинг тўлиқ ғалабасидек кўриниши мумкин. Уранни бойитиш 2/3 баробар камайтирилади, 15 йил ичида уранни бойитиш билан боғлиқ янги иншоотлар қурилмайди. Эрон уранни фақат Натанздаги заводда, шунда ҳам фақат 3,7 фоизгача бойитиши мумкин. 19 минг центрифугадан фақат 6104 таси қолади. Фойдаланилган уран Эрондан олиб чиқиб кетилади. Кейинги йиллар мобайнида Эрон МАГАТЭнинг жуда кучли, шу пайтгача бўлмаган, инспекцияси (хоҳласангиз назорат деб ўқинг) остида бўлади. Агар Эрон келишув шартларига риоя қилаётгани исботланса, босқичма-босқич Эронга нисбатан жорий этилган санкциялар бекор қилинади.

Бу келишувни АҚШ, хусусан президент Обаманинг ғалабаси дейиш мумкинми? Обама ҳам, ундан сўнг гапирган Жон Керри ҳам бу келишув АҚШ ва бутун дунёнинг ғалабаси эканини таъкидлашди. Президент ва Давлат котиби ҳозир ғолибона нутқлар билан чиқишаётган бўлса ҳам, Лозаннадаги музокаларнинг сўнгги сонияларигача юрак ҳовучлаб ўтирганини ҳам эсдан чиқармаслик лозим. Музокалар муваффақиятсиз якун топган тақдирда, Конгрессдаги республикачилардан иборат кўпчилик Эронга нисбатан янги санкциялар жорий этишни талаб қилган бўларди. Обама янги санкцияларга вето қўйган тақдирда ҳам, бугунгидек келишув ҳақида умуман гап-сўз ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Лозаннадаги муваффақиятсизлик Обама учун нокаут эди.

Обаманинг ҳозирги вазифаси – Конгресс ва америкаликларни тарихий ғалаба қўлга киритилганига ишонтира олишдир. Обама сайловолди кампанияси пайти “Мен президент бўлиб турар эканман, Эрон ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлмайди” деган ваъдасининг устидан чиқди.

Бу келишув Эроннинг мағлубиятга учраганини англатадими? Йўқ, асло. Бу келишув орқали ҳеч ким ютқазгани йўқ.

Эронга нисбатан қўйилган санкциялар, дарҳол бўлмаса ҳам, барибир бекор қилинади. Бу эса Эрон иқтисодиётининг қулаш жараёни тўхташини англатади. Умуман олганда, айнан санкциялар натижасида иқтисодиётга берилган зарба Эронни музокаралар столига ўтиришга ва деярли қўлга киритилган ядро қуролидан воз кечишга мажбур қилди. Шундай экан, халқаро санкциялар иш бермаслиги ҳақидаги гапларни унутиш мумкин.

Шу ўринда Эронга ядро қуроли чиндан ҳам керак эдими, деган савол туғилади. Эрон раҳбарлари шу даражада ақлсиз ва фанатик эмасларки, Исроилга бомба ташласа. Эрон учун муҳими ядро қуролига эга бўла олиш, исталган пайт тезда ядро қуроли ясаш учун шароит яратиш эди. Энди эса, амалда йўқ бомбани Эрон ҳақиқий санкцияларнинг бекор қилинишига алмаштирмоқда.

Санкциялар бекор қилингач, Эрон иқтисодиёти ривожланиши учун катта йўл очилади. Бутун дунёдан сармоя ва кредитлар оқиб кела бошлайди. Эрондек катта ва истиқболли бозорда ўз улушига бўлиш барча учун бирдек фойдали.

Агар музокаралар самара бермаганида нима бўлар эди? Эрон уранни бойитишда давом этган, бу эса ўз навбатида Исроилни янада асабийлашишга мажбур этган ва бир кун келиб Яқин Шарқда катта уруш бошланишига сабаб бўлиши мумкин эди. Эрон – Исроил уруши эса ўз навбатида АҚШ ва бошқа етакчи давлатларни ҳам ўз домига тортиши аниқ эди.

Хулоса қилиб айтганда, воқеалар ривожини таҳлил қилиб, бугун эришилган келишув барча тараф учун энг маъқул йўл эди, деб айтиш мумкин. Тўғри, келишув узоққа бормай барбод бўлиши ҳам мумкин, лекин, айни дамда вазиятнинг ижобий якун топишига катта умид бор. Шундай экан, 2015 йилнинг 2 апрель санасини энг мураккаб халқаро муаммо ҳал этилган, ҳаттоки, катта урушнинг олди олинган кун сифатида тарих саҳифаларига киритиб қўйиш мумкин.

«Эхо Москвы» радиоси сайтидаги материаллар асосида тайёрланди.

Тавсия этамиз

Трампистон

АҚШда президент сайловлари якунланди. Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини хоҳлаган эдим (доим демократ номзодларга “болеть” қилганман) …

Добавить комментарий