Interstellar

Кеча “Интерстеллар” деган фильм томоша қилдим. Яхши фильм. Американинг навбатдаги олди-қочди фантастикаси бўлса керак, деб ўйлагандим. Адашган эканман.

Умуман, фильм орқали унинг ижодкорлари бир вақтнинг ўзида бир нечта ғояни илгари сургани сабаб, бу фильм орқали Кристофер Нолан айнан нима демоқчи эди, деган саволга узил-кесил жавоб бериш қийин.

Мисол учун, Ер сайёраси инқироз ёқасида ва уни қутқариш, ҳар доимгидек, АҚШ олимлари ва астронавтлари зиммасида. Яъни, фильм орқали АҚШ Ердаги энг қудратли давлат ва Ерни фақат биз қутқариб қолишимиз мумкин, деган фикрни ҳам ўқиш мумкин.

Ёки фильм ижодкорлари табиат ва атроф-муҳит мухофазасига эътибор қаратмоқчими? Бугун фан-техника ривожи учун табиатни қурбон берсак, эртага бу бизга қиммат тушиши, кейин барча эришган ютуқларимиздан воз кечиб, далада деҳқончилик қилсак ҳам фойдаси бўлмаслигини уқдиришмоқчими?!

Эҳтимол, юқорида айтилган иккала фикрда ҳам жон бордир. Лекин, менимча, фильм АҚШнинг буюклиги ҳақида ҳам, экология ҳақида ҳам эмас, балки, инсон, оила, жамият ва муҳаббат ҳақида.

Фильмни томоша қилиб тушунганим шу бўлди-ки, инсоният Сатурнга учиб бориш даражасига етса ҳам, ёлғизликда яшай олмайди. «Абдуллажон» тили билан айтганда, мукаммал мавжудот бўла олмайди. У доим оиласи, ўзи яхши кўрган инсонларга талпиниб яшайди. Ва шу инсонларга бўлган меҳр, муҳаббат ва севгисининг кучи билан кўп нарсалар қилишга қодир, кўп нарсалардан воз кечишга тайёр.

Айниқса, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатлар яхши кўрсатилган. Ота-она фарзандлари келажаги, уларнинг ҳавфсизлиги учун нима билан якунланиши мутлақо номаълум сафарга чиқишга ҳам тайёр. Лекин, фарзандлар ўша пайтда буни доим ҳам англаб етавермайди. Ота-онани “ўзларини қутқариб, бизни ташлаб кетишди” деб ишонишади. Вақти келиб эса ҳаммасини тушунишади.

Кўриб турганингиздек, гарчи фильм коинот ҳақида бўлса ҳам, унда жуда кўп оддий одам тушуниши қийин илмий терминология қўлланилган бўлса ҳам, аслида фильм ўзимиз ҳақимизда.

Бу, албатта, фильм орқали мен кўрган ва илғаган нарсалар, холос. Балки, сиз умуман бошқа маъно, бошқа фикр, бошқа ғояни кўргандирсиз. Сиз ҳам ўзингиз кўра олган нарсалар билан ўртоқлашинг. Қуйида эса ушбу фильм юзасидан билдирилган баъзи фикрлар билан танишишингиз мумкин.

Қаҳрамон Асланов: Ушбу фильмни томоша қилдим. Ҳар ким ўз соҳаси, кайфияти ва қизиқишларига қараб, ўзи учун керакли жиҳатларни олиши мумкин, шахсан мен ушбу фильмни вақт мавзусидаги энг яхши фильмлардан бири деб ҳисоблайман. Айнан Ноланнинг “Ибтидо” (Начало) ёки Финчернинг “Бенджамин Баттон” фильмлари каби, бу ерда ҳам вақт қадри , умр ўлчови ҳақида анча чуқур фикрлар бор.

Фильмдаги бир эпизодга эътибор беринг. Экипаж аъзолари бошқа бир галактикага боришади. Қизиғи, у жойда ўтадиган ҳар бир соат Ер планетасидаги 7 йил билан тенг экан. Бош қаҳрамон шошила бошлайди, ҳар бир дақиқани қадрлашга ҳаракат қилади, ахир тасаввур қилинг, акс ҳолда, қандайдир 3-4 соат беҳуда сарфласангиз, ерда 20-30 йил ўтиб кетган бўлади. Оила аъзоларингиз шу ёшга қариган, қизингиз улғайган, отангиз балки оламни тарк этган бўлиши мумкин, Даҳшатми?

Бундоқ бугунги ҳаётимиз ҳақида ўйлаб кўрсак, бир неча йилда қанча соат вақтимиз мазмунан беҳуда ўтмайди? Бир неча йилда қанча соат вақтимизни айнан мақсадли сарфлаймиз? Беҳуда вақтни чиқариб ташласак, бизнинг умримиз ҳам айнан ўша планетадаги каби бир неча соатни ташкил этиб қолмайдими? Бизнинг ушбу фильм қаҳрамонидан фарқимиз шундаки, у вақтнинг жуда кам эканини олдиндан билади. Бир соатда 7 йил ўтиб кетишини билиб шошилмоқда. Лекин биз шошилмаймиз. Чунки бизда 7 йил ўтиши учун 7 йил керак. Аммо ўша 7 йил ўтгач, шу ўтган давр биз учун бир неча соатга айланиб қолади-ку, аслида. Нима дедингиз?

Умуман олганда, фильм ёқди.

Шуҳрат Шокиржонов: Кейинги ойлар ичида жуда кўп киноларни кўрдим. Асосан, янги ишлаб чиққан ва одамларнинг оғзига тушган ва 1990-йиллардан буёғига ишланган ва мен кўрмай қолган киноларим. Иккиланмай айтишим мумкинки, мен кўрган ўша киноларнинг ичида энг «чиройлиси»си мана шу кино бўлади.

Ўзи астрономияга қизиққаним сабабли, космос ҳақидаги киноларни зўр бир қизиқиш билан томоша қиламан. «Гравитация»да ҳам биринчи космик тезлик амалда қандай қандай бўлишидан ҳайратлангандим. Бу кинода менга энг ёққан жойи — отанинг қандайдир ойлар давомида қилган саёҳати ва бу орада қизалоғининг асрга тенг умр кўргани. Энг «марварид» — ўзига хос жойи эса «Миллер» сайёрасидаги экспедиция. Бир неча соат ичида орадан 23 йил ўтиб кетган бўлди-я!

Ҳаттоки Россияда ҳам аллақандай маиший мавзуларга ўралашиб юришганида (бизни-ку, гапирмай қўяқолай) мана шундай «катта» кинолар суратга олувчи Ҳолливудга қойил қолмай илож йўқ.

Лазизбек Ҳамидов: “Интерстеллар” илмий-фантастикага асосланган ажойиб кино, лекин фильмда ҳеч қандай ғоя йўқ, одамни ўйлантиришга, мулоҳаза қилишга ундамайди. 3 саот давом этган кинони бир хил ҳолатда томоша қиласиз. Менимча барча фильмнинг қадри бу унинг кульминациясида, лекин қани бу ерда кульминация? Доимий мавзу, америкалик қаҳрамон оиласи ва бутун инсониятни қутқариб қолиш учун ўз ҳаётидан воз кечиб, космосга учади.

Ҳа, фильм илмий томонлама иложи борича аниқликка асосланиб суратга олинган, бундан ташқари космос, галактикалар ҳақида суратга олинган фильмлар доим томошабин учун қизиқарли бўлиб келган.

Умуман, ушбу кинодан қандайдир маъно излашни ўзи нотўғри, шунчаки бориб кўриш, илмий фантастикадан роҳатланиш керак.

Тавсия этамиз

Ёпишмаган гажаклар ва тўл(дирил)маган абзацлар

Жинпинг. Цзиньпинь. Хуллас шу одамнинг исми-шарифининг ўзбекчада қандай ёзилиши борасида “асосан дунё кўрган, чет тилидаги …

Добавить комментарий