Interstellar — 2

Намойиш қилина бошлаганидан бери, «Интерстеллар» турлича қабул қилинди: умуман олганда ижобий қаршиланган бўлса-да, сабрсизроқ, ёки кинони фақатгина ҳордиқ чиқариш учун кўрадиган томошабинларнинг баъзилари уни қоралаш билан чекланиб қолишди. Бошқа сабабларга кўра салбий фикр билдирганлар бўлди: масалан, Guardian газетасининг машҳур кинотанқидчиси Питер Бредшоу (Peter Bradshaw) «Интерстеллар»ни буюк режиссёр Стенли Кубрикнинг “2001: Космос Одиссеясига” қиёслаб, “ғоя яхши бўлса-да, ижро анча саёз”, деган хулосага келган.

Менга қолса, ғоянинг ўзи етарли. Айниқса, ғоя ана шундай кучли бўлса. Мен бу ерда шунчаки фильм тагида ётган асосий ғоя – инсоният Ер куррасидан ташқарида яшай олиш-олмаслигинигина назарда тутмаяпман, албатта. Камчиликларга қарамасдан, «Интерстеллар» шахсан мен учун ғоявий жиҳати билан эсда қолади. Бу гапим билан постановкачи рассом/дизайнер ёки операторнинг ажойиб ишини шубҳа остига олмоқчи эмасман. Шунчаки, фильм мени тинимсиз фикрлашга, шу пайтгача билган-билмаганларимни қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. Айни пайтда, «Интерстеллар»да оддий туюлган ҳақиқатларнинг аслида мен ўйлаганчалик оддий эмаслигини кўрдим. Масалан, “муҳаббат” (love) ғоясини олайлик. Ўзбекчада бу сўз керагидан ортиқ баландпарвоз эшитилади, асосан эркакнинг аёлга бўлган муносабатини билдиради; шунинг учун инглиз тилидаги “love” сўзини “меҳр-муҳаббат” деб таржима қилса аниқроқ бўлар, чунки бу ерда гап кўпроқ отанинг фарзандга бўлган меҳри ҳақида кетаяпти. Хуллас, ана шу меҳрнинг вақтга бўйсунмайдиган тушунча эканини ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Албатта, фақат меҳр билангина чекланиб қолинмайди: фақат инсонларга хос бўлган бошқа туйғулар ҳам фильмда акс этган. Масалан, гап бутун инсониятнинг тақдири ҳақида кетаётганида ҳам баъзи бир инсонлар фақат ўзини ўйлашининг мумкинлигини доктор Манн мисолида кўрдик. Гарчи бу ғоя – инсоннинг барибир инсонлигича қолиши ғояси – Кубрикнинг афсонавий кинофильмининг асосида бўлса-да, Интерстеллардаги роботлар инсоннинг иродасига сўзсиз бўйсунишади.

Баъзи нарсаларга келганда, Питер Бредшоуга қўшилмай иложим йўқ, албатта. Умумий қилиб айтсам, бутун бир инсоният тақдири ўтмишда учувчилик қилиб, ҳозирда макка етиштириш билан машғул, ҳаётдан норози одамга топширилиши, ҳамма нарсанинг унга мос тарзда тайёрланиши, охир-оқибатда айланиб-ўргилиб бутун бир уч соатлик фильм унинг оилавий қиссасига айланиши, менга бироз эриш туюлди. Лекин, яна такрорлаб айтаман, камчиликларига қарамасдан, «Интерстеллар» кўришга, кўргандан кейин хоҳ ёлғиз, хоҳ дўстлар билан муҳокама қилишга, унда ёритилган турли мавзулар ҳақида бош қотиришга арзийдиган кино.

Кинони кўриш чоғида болалигимни, отамнинг физика ва астрономияга доир китоблар билан тўла хонасини, ёшлигимдан Космос ва Коинотга бўлган қизиқишимни эсга олдим. Шу сабабдан, фанга юраги урадиган ёшларга айниқса тавсия қиламан. Биз бутун борлиғимиз деб ишониб юрган Ер куррасининг аслида Коинотдаги бир нуқта эканини ҳис қилиш, лекин бу фикрдан рухсизланиб қолмасдан, инсон қўлидан ҳамма нарса келишига ишониш учун ҳам ана шундай фильмларни кўрса арзийди.

Шерзод Мўминов

Тавсия этамиз

Ёпишмаган гажаклар ва тўл(дирил)маган абзацлар

Жинпинг. Цзиньпинь. Хуллас шу одамнинг исми-шарифининг ўзбекчада қандай ёзилиши борасида “асосан дунё кўрган, чет тилидаги …

Добавить комментарий