Бош саҳифа / Дилдаги гаплар / «Интер»нинг «ноҳақ» ғалабаси ҳақида

«Интер»нинг «ноҳақ» ғалабаси ҳақида

“Чемпион плюс” газетасининг 5 ноябрь №11 сонида берилган Италия “А Серия”си шарҳига бағишланган саҳифасини ўқиб, тўғриси, жаҳлим чиқди. “А Серия” 11-турининг марказий ўйини – “Интер” ва “Рома” ўртасидаги ўйин ҳақида саҳифа муаллифи шундай ёзади:

Футболда баъзан ноҳақ ғалабалар ҳам учраб туради. “Интер”нинг “Рома” устидан қозонган ғалабасини шулар қаторига қўшиш мумкин.

Футболда ноҳақликлар бўлиб туришини рад этмаган ҳолда, муаллифга савол бергим келди: “Интер” — “Рома” ўйинидаги ноҳақлик нимадан иборат?

Келинг, бу ўйинга сал батафсил тўхталамиз. Ўйин олдидан “Рома” асосли равишда фаворит сифатида эътироф этилаётган эди. Руди Гарсия шогирдлари тезкор ва шиддатли ўйин кўрсатиб, сўнгги беш турдан бери фақат ғалаба қозониб келишаётган эди.

“Интер” эса очко жиҳатдан “Рома”дан фақат икки балл орқада бўлса ҳам, бир тўп фарқи билан қозонилган ва асосан 1-0 ҳисобидаги ғалабалар билан келаётган эди.

6-тур доирасида «Фиорентина» билан ўйинда ҳозирги “Интер” тезкор ва ҳужумкор жамоаларга қарши очиқ футбол ўйнашга тайёр эмаслиги яққол кўриниб қолди. Шундан келиб чиқиб, Манчини “Рома”га қарши ҳимоявий тактика танлашга қарор қилди. Ҳатто жамоанинг асосий тўпурари Мауро Икарди ҳам заҳирада қолдирилди. Қанотларда доимгидек Сантон, Теллес ёки Жуан эмас, тезкор Нагатомо ва анча интизомли Д’Амрозио ҳаракат қилишди.

Ўйин, кутилганидек, “Рома”нинг шиддатли ҳужумлари остида кечди. Шундай бўлса ҳам, “Интер” ҳимоячилари “Рома”нинг ҳужумчилари ва қанот ўйинчиларига ўзларининг доимий ўйинини кўрсатишга кўп ҳам имкон беришмади. Юзага келган вазиятлардан эса римликлар унумли фойдалана олишмади. “Интер” эса юзага келган имкониятдан тўғри фойдаланди ва ҳимояни ушлашда давом этди.

Шу куни “Интер” тўғри танланган тактика эвазига ғалаба қозонди. “Рома” эса яратилган вазиятлардан фойдалана олмагани, қолаверса, керакмас жойда тўпни қўл билан ўйнаб қизил карточка олган сардорининг аҳмоқлиги сабабли мағлубиятга учради.

Хўш, қани бу ерда ноҳақлик? Ёки рақибга қарши тўғри тактика танлаш ноҳақлик ҳисобланадими? “Интер” оффсайддан ёки шубҳали пенальтидан гол урмади. Ёки ҳакам “Рома” урган голни ҳисобламай қўйгани йўқ. “Интер” гол урди ва ўз дарвозаси даҳлсизлиги сақлаб қола билди. Футбол қоидаларига кўра, бу ноҳақлик ҳисобланмайди ва ғалаба учун кифоя.

Футболда мақсад рақибидан камроқ гол ўтказиб, рақибидан кўпроқ гол уриш. Буни қоида бузмаган ҳолда, қайси усулда амалга ошириш ҳар бир жамоанинг танлов хуқуқидир. Нега энди, бу оддий қоидадан четга чиқмай, мақсадига эришган “Интер” ноҳақ бўлар экан? Нега рақибга нисбатан кам гол урган Рома ғалабага ҳақли бўлар экан? Ёки мен футболдаги ҳақ ва ноҳақликни нотўғри тушунаманми? Тушунтиринг унда! Агар сизнинг-ча, бундай ғалаба ноҳақлик бўлса, футбол тарихи ноҳақликларга тўла ва баъзи жамоалар нафақат бир ўйин, балки, бутун бошли турнирларда ноҳақ ғалаба қозонган бўлиб чиқади.

Интерга омад келди, дейсизми? Қўшиламан. Лекин, сиз ҳам тан олинг, омад спортнинг ажралмас қисми ва у одатда кучлиларга кулиб боқади. Бу менинг гапим эмас. Омон бўлинг.

Ушбу блогпост, аслида, бир ҳафта аввал Қаҳрамон ака Аслановнинг маслаҳати ва ёрдами билан ёзилган ва «Чемпион плюс» газетаси бош муҳарририга электрон почта орқали юборилган эди. Лекин, баъзи сабабларга кўра эътиборсиз қолдирилганлиги боис, шу ерга қўйишга қарор қилдим.

Тавсия этамиз

Ёпишмаган гажаклар ва тўл(дирил)маган абзацлар

Жинпинг. Цзиньпинь. Хуллас шу одамнинг исми-шарифининг ўзбекчада қандай ёзилиши борасида “асосан дунё кўрган, чет тилидаги …

Добавить комментарий