Бош саҳифа / Жамият / Зиёлилар хиёнати

Зиёлилар хиёнати

“Ўтмишга етолмайсан, келажакдан қоча олмайсан” дейди рус мақоли. Ўтмишга қайтайми, келажакни танлайми деб иккиланиб қолган ўзбек халқига яхши огоҳлантириш. Биз яшаётган давр анъанавий жамиятдан замонавий жамиятга ўтиш (аслида модернизациянинг моҳияти ҳам шу, замонавий бўлиш) давридир. Бу ўтиш одамзод тарихидаги энг мураккаб жараёнлардан бири бўлиб, ўзгаришларни амалга оширган барча халқлар уни ўзгача бошдан кечирган. Ҳар доим ҳам бу жараён кутилган натижаларни бермаган, ҳар қайси миллат ҳам анъанавий жамиятдан замонавий жамиятга муваффақиятли ўтмаган, аросатда қолиб кетганлари ҳам бор. Бугунги Ўзбекистонда ҳам жамиятни ислоҳ қилиш ва модернизациялаш зарурати тобора долзарб мавзуга айланмоқда. Лекин модернизация ғояси жамият ривожланишининг амалий дастурига айланиши, муваффақият билан тугаши учун нафақат ҳукуматнинг хоҳиши ва ҳаракати, балки авваламбор жамиятнинг ўзида ҳам бир неча дастлабки шарт-шароитлар ҳозир бўлиши керак.

Шундай муҳим шартлардан бири мамлакатдаги илмли инсонларнинг қандай жамиятда яшамоқчи эканлиги хусусида иттифоқидир. Вазият якдил ҳаракатни тақозо этмоқда, лекин ўзбекистонлик зиёлилар “орзу қилинган келажак” масаласида муросага келганми? Йўқ. Ўзбекистонликлар – бўлинган миллат. Масалдаги оққуш, қисқичбақа ва чўртанбалиққа ўхшаб, жамиятдаги турли кучлар аравани ўз томонига тортаяпти. Агарда зиёлилардан эртанги кун ёки тарихга муносабат сўралса, бир-бирига зид жавоб беришади. Украин-рус можароси ва сўнгги пайтдаги бошқа ҳар қайси муҳим халқаро воқеаларга муносабатлар ҳам ўзбек жамияти анча қутблашганлигидан далолат беради.

Зиёли ким?

Зиёлиларнинг хиёнати ҳақида гапиришдан аввал “зиёли” истилоҳига таъриф бериш керак. Тилимизда бу истилоҳ кўпроқ иккинчи маъноси билан машҳур. Совет даврида қўли билан ишлайдиган деҳқон ва ишчидан фарқли ўлароқ, ақлий меҳнат билан шуғулланган барча олий маълумотли мутахассислар зиёли деб аталар эди. Ҳозир ҳам одатда тўрт йил университетда ўқиганларни зиёли деб аташади. Александр Солженицин буларни “образованшчина” деб атаганди. Ёки, сўкмайдиган ва ичмайдиган, хотинини урмайдиган, андишали, хушхулқ инсонларни ҳам халқ ичида зиёли деб билишади. Лекин асл маънодаги зиёли хислатларига ўқимишлилик ёки хушхулқлик кирмайди, албатта. Аслида, зиёли деб Аллоҳ нур (зиё) билан онгини ёритган, ҳодиса ва жараёнларни фаҳмлаш, англаш қобилияти берилган инсон аталар эди. Ўзбек тилида камроқ ишлатиладиган “ойдин” сўзи ҳам айни маънони билдиради.

Зиёли истилоҳининг асл биринчи ва “кирланган” иккинчи маъносидаги фарқларни батафсилроқ кўрсатиш учун унинг маънодоши бўлмиш “интеллигент” сўзининг этимологияси ёрдам бериши мумкин. Англайдиган, фаҳмлайдиган, фарқига бора оладиган инсонни билдирувчи лотин тилидаги “интеллигаре” ўзагидан Европа тилларида “интеллигент” ва “интеллектуал” сўзлари ясалган. Иккиси ҳам ақлини ишлатадиган инсон маъносини беради, лекин орасида катта фарқ бор. Интеллектуал ўз касби шуни тақозо этгани учун, ўз функционал вазифасини сифатли бажариш учун ақлини ишлатади. Барча ақлий меҳнат эгалари интеллектуаллардир (иккинчи маънодаги зиёлилар).

Интеллигент эса (асл маънодаги зиёли) зеҳнини воқеликни иложи борича тўғри ва яхлит англашга, ҳақиқатга эришиш учун ишлатади. Топган бу “ҳақиқатини” жамиятга етказиш йўлида зиёли “тўғри сўзлар сўзлайди мумкин қадар, хоҳ онаси ранжисун, хоҳи падар”. Яъни, зиёлини бошқа ақлий меҳнат билан шуғулланувчилардан кескин ажратиб турадиган хислатларнинг энг муҳими ўз идеаллари учун амалдаги қувват ва иқтидорга қарши гапира олиши, ёки жамиятда ҳукмрон, “ардоқланган” эътиқод ва ишончларига қарши бора олишидир.

Жадид Ҳожи Муинннинг 1918 йилда ёзилган “Бизга нима керак” номли мақоласида олинган қуйидаги иқтибос зиёлининг иккинчи муҳим фазилатига ишора қилмоқда:

“Ҳаёти ижтимоиямизда лозим бўлғон нарсаларнинг барчаси ҳозирда бизда борми? Бўлса қайси ҳолдадир? Бу саволларға қарши тўғри жавоб ёзилғонда ихтиёрсиз қалам уёлур, киши истиқболдан маъюс бўлур. Чунки мазкур нарсаларнинг баъзиси бизда йўқ ва баъзиси ҳануз ибтидоий ҳолдадирки, буларнинг мумкин суратда вужудка ижтиҳод чиқарилиши учун кўб умрлар ва кўблар сарф қилмоқ керакдир. Лекин лозимаи ҳаётимиз бўлғон бу нарсаларни вужудга чиқариб олғунча бизга замон мусоада этарми, яъни фурсат берарми? Сиёсий аҳволнинг ҳозирги суръатли ўзгаришига қарағанда, замон фурсат бермас каби кўринадур. Шундай бўлса ҳам, ҳозирги мусоиди замин ва замонни ғанимат билиб ватан, ҳуқуқ ва ҳаётимизнинг муҳофазаси, истиқболимизнинг таъмини учун керак бўлатурғон тадбир ва чораларға киришмагимиз лозимдир. Мана, ҳозир ушбу савол ворид бўладирки: бизга нима керак?”

Яъни, зиёли биринчи бўлиб муҳим бирор нимани фаҳмлай олиш қобилияти билан бошқа юксак салоҳиятли, ўз ишининг устаси бўлган ўқимишлилардан ажралиб туради. Файласуф Юрген Ҳабермаснинг фикрича, зиёли воқеликдаги муайян жиддий майллар (тенденциялар) ва жараёнлар ҳақида, ён-атрофидагилар ҳали ҳеч нарсани сезмай, кундалик юмуши билан банд бўлиб юрган пайтдаёқ хавотирлана бошлаши, бонг ура билиши керак. Жамият олдида турган хавф ёки имкониятни мудроқ кўпчиликдан аввалроқ пайқаш, миллатнинг ҳаёти ижтимоиясида лозим, лекин етишмаётган, ёки мавжуд нарсаларнинг муқобилини кўра билиш, жамиятга яхлит дастур сифатида тақдим эта олиш зиёлининг вазифасидир.

Демак, зиёли бу – “эшшакдай оёқ остига қараган эмас, туядай узоқни кўзлаган” ва ўша кўзлаган, фаҳмлаган ҳақиқатини ҳукмрон иқтидорга гапира олган инсондир.

Зиёлилар хиёнати

ХХ аср бошида тарихий тараққиётнинг бориши туркистонликларни барча Осиё ва Африка мамлакатларининг антиколониал ҳаракатлари йўлидан олиб кетаётган эди. Аста-секин илк капиталистик муносабатлар, миллий буржуазия ва миллий зиёлиларимиз бўлмиш жадидлар ҳаракати пайдо бўлган эди. Тарих имконият берганда чор Россияси таркибидаги Ўрта Осийода ҳам тадрижий йўл билан сиёсий маънодаги миллат шаклланган бўлар эди. Бу иддаога мисол ўзбек, қозоқ, яҳудий, руслардан таркиб топган Туркистон Мухториятининг ҳукумати бўлиши мумкин.

Афсус, миллат шаклланиши (nation building) жараёнини мантиқий якунига етиши учун замон фурсат бермади. Россиядаги фуқаролар урушида ютиб чиққан болшевиклар Ўрта Осийодаги заиф, ҳали оёққа туриб олмаган миллий истиқлол ҳаракатини ҳам тор-мор этдилар. 1920 йилларда Туркистондаги ҳокимиятини мустаҳкамлагач, ўзбек миллати учун коммунизмдан бошқа, алтернатив (муқобил) фикр бера оладиган жадидларга нисбатан мақсадли қатағонлар амалга оширилди, улар ижтимоий қатлам сифатида йўқотилдилар. Жадидларнинг ўрнини коммунистик мафкура ғояларида тарбияланган маҳаллий “совет зиёлилари” босди.

Шунинг учун айтиш мумкинки, ўзбек халқининг сўнгги “асл миллий зиёлилари” (бутун миллат учун маъносида) жадидлар бўлган. Миллий интеллектуал элитанинг қириб, ўрнига кечаги деҳқон ва ишчини кўтариш каби “манфий селектсиянинг” миллат интеллектуал генофондига берган зарбаси шунчалик кучли эдики, асоратлари ҳаттоки бугун ҳам сезиларли даражада тараққиётимизга таъсир қилаяпти. Жадидлардан кейин ўзбек миллатида саноқли миқдорда алоҳида зиёли шахслар бўлган ва бор, лекин ўз миллати учун қайғурган, тараққиётга йўналтирилган дастурий мақсадларга эга ва бу мақсадларни амалиётга ўгириш учун етарли интеллектуал салоҳиятга соҳиб уюшган зиёлилар ижтимоий қатлами бўлмаган ва йўқ.

Мамлакатда ҳамон ижтимоий ислоҳотлар, “орзу қилинган келажак” ориэнтирларини белгилаш зарурати мавжуд. Бундай ориэнтирларни кўрсатиб бериш ўз навбатида муайян яхлит тасаввур (vision), умум учун маъқул ижтимоий-мафкуравий дастурларни ишлаб чиқишни тақозо этади. Одатда айнан зиёлилар бу иш билан шуғулланадилар ёки камида шуғулланишга даъво қиладилар.

Лекин ўзбек зиёлилари бир неча сабаблар туфайли ўз вазифасини ё бажара олмаяпти, ё бу даъводан буткул воз кечган. Зиёлиларимизнинг миллатга қилган хиёнати ҳам шундан иборат.

Биринчи сабаб, зиёлиларимизнинг интеллектуал багажи бугунги замон талабига мос эмаслиги бўлса керак. Буни, масалан, зиёлиларимиз СССР парчаланишининг натижасида миллий давлатчилигимиз бизга қайта “ҳадя” қилинишини олдиндан кўра билмагани ва шунга яраша миллатни мустақил ҳаётга тайёрлай олмаганидан кўриш мумкин. Ўз ҳурриятининг ғоявий асосларини 1950-60 йиллардаёқ ишлаб чиққан ва шунга курашган чех ёки поляк ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, ўзбек зиёлилари нафақат бу борада амалий ҳаракат қилмаган, балки ўзбек миллати бир кун эмас бир кун мустақил бўлиши мумкинлигини Совет империясининг охирги кунигача ҳаттоки тасаввур ҳам қила олмаган. Шунингдек, Совет даврида ўзбек миллати орасида диссидентлар ҳаракати чиқмагани, ўзбек тилида муқобил фикрни тарқатган самиздат (Ўзнашр) бўлмаганининг ўзи ҳам ибратли факт бўлиб, зиёлиларимизнинг коммунистик мафкурадан бошқа жўяли фикрга эга бўлмаганидан далолат берса керак. Натижада Ўзбекистонда мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ барча ислоҳотларнинг муаллифи зиёлилар эмас, баҳоли қудрат амалдорлар (давлат – бош ислоҳотчи) бўлиб келяпти. Бу ислоҳотларнинг қанчалик муваффақиятли экани – алоҳида мавзу. Баъзилари муваффақиятли, баъзилари – йўқ.

Зиёлиларимиз улардан миллат кутган вазифани бажара олмаётганининг иккинчи сабаби пешволаримизнинг кўпчилиги ўзининг жузъий манфаатларидан умуммиллий манфаатларни устувор қўя олмаслигидир. Бугунги Ўзбекистонда мафкура соҳасидаги бўлаётган жараёнларини кузатувчининг кўзига биринчи бўлиб зиёлилар ғоявий тарқоқлиги, турли фирқаларга бўлиниб қолганлиги яққол ташланади.

Фикрлайдиган инсонларнинг дунёқарашидаги фарқлардан келиб чиқиб, шартли равишда зиёлиларимизни икки гуруҳга бўлиш мумкин: “шарқона зиёлилар” ва “европача интеллигентлар”.

Европача интеллигент деб дунёқараши асосан Ғарб маданияти (кўп ҳолларда рус маданияти орқали) таъсири остида шаклланган, Европа, АҚШда яшаб кўрган ёки СССР вақтида вояга етган рус ва русийзабонларни аташ мумкин.

Шарқона зиёли эса одатда маҳаллий ўзбек (туркий, ислом) маданиятининг маҳсули. Асосан ўзбек тилида ижод қилувчи журналист, ёзувчи, шоир, уламо ва ҳоказо.

Бу икки гуруҳ ўз навбатида дин, тил, сиёсат ва иқтисод борасидаги қарашлари бўйича турли майда фирқаларга бўлинган: нео-қадимчилар ва нео-жадидлар, миллатчилар, диндорлар, либераллар ва ҳоказо. Бу бўлинишлар жуда қўпол ва шартли, фирқалар орасидаги чегаралар мавҳум бўлиб, қулайлик учун шундай қилинди.

Ҳар бир фирқа ўзбек халқнинг муайян ижтимоий гуруҳи манфаатини ҳимоя қилишга даъвогар бўлмоқда, лекин бунинг уддасидан чиқа олмаяпти. Зиёлиларимиз, биринчидан, манфаатларини акс эттиришга даъвогарлик қилаётган ижтимоий гуруҳнинг аҳволи, вазиятини обектив таҳлил қилиши керак. Иккинчидан, ушбу таҳлилни амалий талаб ва ҳаракат дастурига айлантириши керак. Учинчидан эса, бу талаблар бошқа ижтимоий гуруҳларнинг манфаатларини эътиборга олиши, улар билан муросада бўлиши лозим.

Хуллас, жамиятда ўзгаришларга талаб бор, лекин ижобий ўзгаришлар фақатгина пешволаримизнинг кўпчилиги ўзининг жузъий манфаатларидан умуммиллий манфаатларни устувор қўя олганида, конструктив музокара орқали умуммиллат учун маъқул ва муҳим ижтимоий ва сиёсий лойиҳалар таклиф этганида содир бўлади.

* * *

Мусо пайғамбар муқаддас ерга боришнинг қисқа йўлини билса ҳам, яҳудийлар Фиръавн асирлигида орттириб олган қуллик психологиясини йўқотиш учун Исроил аҳлини 40 йил чўллар аро олиб юрган экан. Ўзбек миллати ҳам йўлга чиққан, лекин ҳозирча миллат пешволари бўлмиш зиёлиларимизда на муқаддас ер ҳақида тасаввур, на бу тасаввурга эга бўлиш учун жаҳд ва ҳаракат мавжуд. Улар ақлини еғиб олгунча, миллат сарсон.

Ушбу мақоланинг оригинал версияси 2016 йилнинг 8 январь куни Сардор Салимовнинг Фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилинган.

Тавсия этамиз

Эллардайс, журналистика ва ватанпарварлик ҳақида

Кеча Англия терма жамоаси бош мураббийи Сэм Эллардайс коррупцион можаролар ортидан истеъфога чиқарилди. Бу воқеа …

Добавить комментарий