Бош саҳифа / Жамият / АҚШ Олий суди қарори ҳақида

АҚШ Олий суди қарори ҳақида

Ўтган ҳафта АҚШ Олий суди бутун мамлакат бўйлаб бир жинсли инсонлар ўртасидаги никоҳни қонунийлаштириш ҳақида қарор қабул қилди. Эндиликда АҚШнинг жануби ва ғарбидаги ҳомосексуал никоҳларга руҳсат берилмаган 14 штат ҳам таъқиқни олиб ташлашга мажбур.

Бу қарор турли жойда турлича кутиб олинди. Кимдир хурсанд, бошқаларни табриклаган, ижтимоий тармоқлардаги профил суратига камалак рангларини қўшган… Яна кимдир ғазабда, Американи, Обамани сўккан… Бу қарорга умуман эътибор бермаганлар ҳам бўлди.

Интернетнинг ўзбекзабон қисми ҳам бу қарор муҳокамасидан четда қолмади, албатта. Билдирилган фикрлар асосий қисми, кутилганидек, салбий маънодаги фикрлар.

Бир нарса қизиқ. Биздан анча олис бир мамлакатнинг фақатгина ўз фуқаролари ҳаётига таъсир этувчи бу қарорга шунчалик жон куйдириб қарши чиқишимиз шартмикан?! Ахир АҚШ Олий судининг қарори Марказий Осиёда яшовчи сиз ва мен учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, шундайми?! АҚШ фуқароси эмасмиз, АҚШда яшамаймиз… Қанийди, ўз ҳукуматимиз чиқарган ва бизга бевосита таъсир ўтказадиган қарор ва қонунларга ҳам шундай қатъий муносабат билдира олсак!

Албатта, баъзан чет ўлкаларда чиқарилган қонунлар нафақат ўша давлат фуқаролари, балки, бизга ҳам ўз таъсирини ўтказиши мумкинлигини рад этиб бўлмайди. Мисол учун, Қирғизистон фуқароси сифатида Россия парламенти қабул қилаётган қонун ва қарорлардан мунтазам хабардор бўлиб туришга ҳаракат қиламан. Чунки, бизнинг уддабурон депутатлар россиялик ҳамкасбларидан андоза олишга устаси фаранг эканини яхши биламан. “Чет эл агентлари”, “Ҳомосексуализм тарғиботи” ҳақидаги қонунлар шулар жумласидандир.

АҚШ қонунларининг бизга таъсири ҳақида эса бирор нарса дейиш қийин. Америкаликлар ва Марказий Осиёда яшовчи одамлар қадриятлар тизими ва дунёқараши бир-биридан кескин фарқ қилади. Таъбир жоиз бўлса, биз бошқа-бошқа дунё, бошқа-бошқа цивилизация вакилларимиз. Шунинг учун улар инсониятнинг ажралмас ҳуқуқи деб билган нарса бизга бузуқликдек, бизга табиийдек кўринган нарса уларга ёввойиликдек кўриниши мумкин. Айтмоқчиманки, ҳар бир давлат, ҳар бир миллат ўз қадриятлар тизими, ривожланиш даражаси ва танлаган йўлидан келиб чиқиб қонун ва қарорлар қабул қилади.

Сиз билан биз яшаб турган замонда Ўзбекистон ҳомосексуализм расман жиноят сифатида кўриладиган, Қирғизистон эса секс озчиликлар радикал гуруҳлар томонидан калтакланадиган давлатлардир. Шундай экан, АҚШ Олий суди чиқарган қарор биз тарафдаги унга қаршиларнинг ҳавотирга тушиб ғазабланиши учун ҳам, бу қарорга хайрихоҳларнинг қувониши учун ҳам ҳеч қандай асос бўла олмайди.

Шунақа гаплар…

Тавсия этамиз

Эллардайс, журналистика ва ватанпарварлик ҳақида

Кеча Англия терма жамоаси бош мураббийи Сэм Эллардайс коррупцион можаролар ортидан истеъфога чиқарилди. Бу воқеа …

Добавить комментарий