Бош саҳифа / Сиёсат / Ҳиллари — 2016

Ҳиллари — 2016

Куни кеча Ҳиллари Клинтон 2016 йилги президент сайловларида номзод сифатида қатнашишга қарор қилганини эълон қилди. АҚШнинг машҳур The New York Times газетаси Ҳиллари Клинтон сайловда ғалаба қилиши учун нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида фикр юритган. Қуйида ана шу фикрлар билан танишишингиз мумкин.

Коалиция
Ҳиллари Клинтон праймеризлар (партияларнинг ички сайловлари) давомида Демократик партиянинг бошқа номзодлари томонидан катта рақобатга дуч келмайди. Умумий сайловларда эса Клинтон хоним 2008 ва 2012 йилги сайловларда Барак Обамага овоз берган сайловчилар — “Обама коалицияси” деб аталувчи қора танлилар, ёшлар ва олий маълумотга эга америкаликларни ўз томонига оғдириши керак бўлади. Шунингдек, у ишчи синф аёллари ва олий маълумотли қизларни ҳам ўзининг қўллаб-қувватловчилари сифатида кўриши керак. Оқ танли ишчи синф эркаклари Демократик партиядан анча узоқлашган бўлса-да, уларнинг орасида Билл Клинтонга нисбатан сақланиб қолган илиқ муносабат сабаб Ҳиллари Клинтонни қўллайдиганлари ҳам йўқ эмас. Лотин америкалик АҚШ фуқароларининг аксари 2008 йилги праймеризлар чоғида Обамага эмас, Ҳиллари Клинтонга овоз беришган эди. Лекин сўнгги йилларда иммиграция қонунчилигида юз берган ўзгаришлар сабаб, латинолар Клинтон хонимнинг бу ўзгаришларга муносабатига қизиқмоқда. Флорида ва Колорадо каби сайловда ҳал қилувчи аҳамиятга эга штатларда ғалаба қозониш учун Ҳиллари Клинтон ўзининг улар тарафида эканига ишонтира олиши керак бўлади.

Жуғрофия
Оҳайо штати бу сафар ҳам классик жанг майдони бўлади. Демографик ўзгаришлар сабаб Колорадо, Невада ва Виржиния ҳам ўйинга қўшилган. 2008 йили Ҳиллари Клинтон 9 фоизлик кўп овоз билан ғалаба қозонган Пенсильвания штатида етакчи бўлади. Мичиган ва Нью-Ҳэмпшир учун ҳам қаттиқ кураш кечади. Шунингдек, Клинтон жамоасидагилар сўнгги йилларда қора танли ва латино сайловчилар сони ортиб бораётган Шимолий Каролина ва Жоржия штатларида сайловолди кампаниясига имкон қадар катта маблағ ва куч сафарбар этилишига шаъма қилиб ўтишди. Бу штатлар яхши иш олиб борилса, Жеб Буш номзод сифатида илгари сурилса, Клинтоннинг ғалабаси сўроқ остида қолувчи Флорида штатининг аҳамияти камаяди.

Ғоя
Клинтон америкалик сайловчилар фарзандлари ва набиралари учун яхшироқ мамлакат қолдириш ҳақидаги мурожаатларни кутиш мумкин. Ўзининг оналик ва бувилик тажрибасидан келиб чиқиб, Ҳиллари Клинтон даромадлар тенгсизлиги ва ўрта синфни қўллаб-қувватлаш масаласини ҳаммадан яхши тушунишини сайловчиларга етказишга, уларни ишонтиришга ҳаракат қилади. Унинг иқтисодий дастури аёллар орасида кўпроқ қўллаб-қувватланадиган, энг кам ойлик маош, ҳақ тўланадиган меҳнат ва касаллик таътиллари, фарзанд тарбияси билан боғлиқ масалаларни ўз ичига олади.

Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонади, чунки…
Ҳиллари Клинтон деярли юз фоиз тан олинган ном ва ишчи синф аёлларининг қўллаб-қувватловига эга номзод. Республикачиларни жуда мураккаб праймеризлар кутибди. Улар иммиграция ва таълим бўйича кескин ғояларни илгари суриш билан банд бўлиб турганда, кимга овоз беришга иккиланаётганлар Ҳиллари Клинтон фойдасига овоз бериши мумкин. Демографик ўзгаришлар республикачиларга қарши ишламоқда. Агар улар латинолар, аёллар ва ёшлар кўнглига йўл топа билмаса, Клинтон хоним асосий кураш кечадиган штатларда сайлов кампаниясини яққол етакчи сифатида бошлайди. Қолаверса, Ҳиллари Клинтон сайловолди кампанияси мобайнида икки ярим миллиард долларлик молиявий имкониятларидан ҳам унумли фойдаланиши мумкин. Сайловолди молиявий фонди “super PAC” хайриялари ва Демократик партия етакчи тарафдорларининг қўллаб-қувватлови ҳисобидан шаклланади.

Ҳиллари Клинтон ютқазади, чунки…
Ҳиллари Клинтон 2007 йили ҳам жуда кучли сайловолди платформасига эди ва Обаманинг жуда кучли рақобатчи эканигина унинг сайловолди кампаниясини тўхтатишга мажбур қилганди. Ҳозирги вазиятда унинг асосий вазифаси 2008 йилги кампания мобайнида унга панд берган бошқарув ва стратегия бўйича ички муаммоларни бартараф этишдан иборат. Ҳиллари Клинтон ўз жамоасидаги таҳлил ва кўрсаткичларга таянувчи ёш кадрларга, анъанларга таянувчи “Эски гвардия”дан кўра, ишонч билдира оладими? Ёшлар ва қора танлиларни Обама каби рухлантира оладими? Ва энг муҳими – Ҳиллари Клинтон одамларни ўтмиш эмас, келажак вакили эканига ишонтира оладими?

The New York Times газетасининг интернет саҳифасида 12 апрель куни чоп этилган «What Hillary Clinton Would Need to Do to Win» мақоласи асосида тайёрланди.

Тавсия этамиз

Трампистон

АҚШда президент сайловлари якунланди. Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини хоҳлаган эдим (доим демократ номзодларга “болеть” қилганман) …

Добавить комментарий