Бош саҳифа / Дилдаги гаплар / Эътиқод эркинлиги ҳақида

Эътиқод эркинлиги ҳақида

Кеча беихтиёр бир даврада эътиқод эркинлиги, ўз динидан бошқа динга ўтаётганлар ҳақидаги баҳс, аниқроғи мулоҳазалар алмашинуви иштирокчишига айланиб қолдим. Ҳаммаси бир йигитнинг Рим папаси Бенедикт XVI истеъфо бергани-ю, ўша тунда унинг қароргоҳи гумбазига яшин тушгани ҳақидаги гапидан бошланди.

Кейин бир қиз Россияда муҳожир афғон қизнинг насроний динини қабул қилгани ҳақида гапирди. Маълум бўлишича, бу афғон қизи Россияга кўчиб келгач, рус тилини яхшироқ ўрганиш мақсадида маҳаллий черковга (балки, шунчаки ўша ердаги одамлардир, аниқ эсимда қолмади) қатнаб таҳсил ола бошлаган. Кейинчалик христиан динига қизиқиш пайдо бўлиб, уни ўргана бошлаган.

Тез орада у черковдаги кечки ибодатнинг мунтазам қатнашчисига айланади ва яна бироз вақт ўтиб, насроний бўлишга қарор қилади. Бундан хабар топган ота-онаси ундан воз кечишади ва уни ўша ерда қолдириб, бошқа шаҳарга кўчиб кетишади. Кўчада қолган қиз миграция хизмати идорасига ёрдам сўраб мурожаат қилади. У ердагилар унга ёрдам бериш ўрнига, уни Россиядан Афғонистонга депортация қилмоқчи бўлишади. Турган гапки, у ерда бу қизни динини сотгани учун қатл кутмоқда эди. Лекин, иш бунгача етиб бормайди. Воқеа ўша қизнинг Россиядан вақтинчалик бошпана олиши билан якунланган.

Бу воқеадан кейин ўз динидан бошқа динга ўтаётганлар ҳақида баҳс қизиди. Шахсан бу борада аввалроқ ҳам ўз фикримга эга бўлганим учун, бу баҳсда ҳам уни баён этдим. Қолганларнинг фикрини ошкор қилмайману, лекин, ўз фикримни айтишим мумкин.

Менимча эътиқод ва дин ҳар бир одам юрагидан ҳис қилиши бўлган нарсалардир. Агар кимдир вояга етгач (кимдир 15, кимдир 18 ва яна кимдир 20 ёшида) оиласи эътиқод қилган диндан юз ўгириб бошқа динни қабул қилмоқчи бўлса, шахсан мен бу ҳолатда ўша одамни дин хоини деб атамаган бўлардим. Боиси, янги туғилган гўдак унинг қулоғига азон айтилаётганида, ёки бошидан сув қуйиб черковда чўқинтираётганида фақатгина ота-онасининг хоҳиши сабаб, у ёки бу дин вакилига айланади. Йиллар ўтиб, ақлини таниб, қадриятлар тизими вужудга келгач, шунга қараб эътиқод ва дин масаласидаги қарашлар ўзгариши, оқибатда эса бошқа дин вакилига айланиш истаги туғилиши мумкин.

Албатта, бир диндан бошқасига ўтиш, ҳар ҳолда биз яшаётган ерда, камдан-кам учрайдиган ҳолат. Қайси дин вакили бўлишидан қатъий назар, оила ва жамиятнинг бунга қандай муносабат билдиришини олдиндан билган одам, ўзини ҳам, бошқаларни ҳам тинчини бузмаслик учун ҳақиқий эътиқодини сир тутиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Гарчи дунёвий давлатларнинг деярли барчасининг конституциясида эътиқод эркинлиги давлат томонидан кафолатланган бўлса ҳам, биринчидан бу ҳуқуқдан фойдаланувчилар сони аслида ҳам унча кўп эмас, иккинчидан эса, бу хавфсиз эмас. Айниқса, бизнинг минтақада.

Мен учун ким қайси динга эътиқод қилишидан кўра, ана шу эътиқоднинг ҳақиқий эканлиги муҳимроқ. Сабаби, ўз динига ҳақиқатан эътиқоди кучли, Худодан чинакамига қўрққан инсондагина иймон, инсоф, меҳр-шафқат, софдиллик, ростгўйлик каби ҳислатлар мужассам бўлиши мумкин.

Бундай дейишимнинг боиси, сўнгги йилларда моддий манфаатлар сабаб ҳар хил оқим ва “диний” гуруҳларга аъзо бўлаётган одамлар ҳам учраб турибди. Мана шундайларни дин хоини дейиш, динини сотганликда айблаш мумкин. Бу ҳақиқий эътиқод эмас. Эртага бошқа оқим кўпроқ пул таклиф қилса, ўша тарафга кетади бундай одамлар.

Албатта, бу ҳаммаси менинг шахсий фикрим ва бу фикрларга қўшилмасликка 100 фоиз ҳақлисиз.

Худо иймонингизни мустаҳкам қилсин. Омон бўлинг!

Тавсия этамиз

Ёпишмаган гажаклар ва тўл(дирил)маган абзацлар

Жинпинг. Цзиньпинь. Хуллас шу одамнинг исми-шарифининг ўзбекчада қандай ёзилиши борасида “асосан дунё кўрган, чет тилидаги …

Добавить комментарий