Бош саҳифа / Сиёсат / Пенсия қайғуси

Пенсия қайғуси

«Қиммат ҳайвонлар ва арзон одамлар» эълон қилинганидан сўнг, ўзбекларнинг болаларига нисбатан «қариганимда боқади, ўлсам кўмади» деган «таъмаси», аслида, пенсия тизимининг номукаммаллиги оқибати, деган мазмунда фикр билдирилди. Шу муносабат билан шахсий архивимдаги бундан бир неча йил ўзблогингдаги машҳур блоглардан бирида чоп этилган ушбу мақолани эътиборингизга ҳавола этишга қарор қилдим.

***

Яратган умрдан қисмаган бўлса ва пенсия ёши ўзгартирилмаса, 2039 йилга келиб пенсияга чиқаман.

Бошқаларни билмадим, лекин мени қариликдаги моддий ҳолатим ҳозирдан ташвишга солади ва бу тўғрида кўп ўйлайман. Фарзандларни не учун тарбиялаяпмиз, не учун боқаяпмиз дейишингиз мумкин, лекин «ота-она фарзандларини боқади, фарзандлар улғайгач ота-онасини боқади» кўринишидаги шарқона принцип мени умуман қаноатлантирмайди. Мен фарзандимни қариганимда мени боқиши учун тарбияламаяпман, уни жамият учун фойдали ва мустақил шахс бўлиб ўсиши учун тарбиялаяпман. Ота-оналарнинг «Қариганимда мени боқасан» деган умидлари ортида қандайдир таъма ётгандай туюлади менга.

Ривожланган дунёда пенсионерлар энг тўловга лаёқатли ва моддий таъминланган қатлам ҳисобланади, чакана банкларнинг энг суянган қатлами ҳам пенсионерлар. Улар дунё кезишади, сайру-саёҳат қилишади, кенг истеъмолдаги товар-хизматларни ўзларига раво кўра олишади, бунга Ғарбда шаклланган пенсия тизими тўла-тўкис имкон беради.

Бизда-чи? Бизда пенсионерлар энг қарам қатлам. Истеъмолда, медицина хизматларини олишда фарзандларга ва энг ёмони давлатга қарам. Уларнинг сайру-саёҳати ҳақидаку гапирмаса ҳам бўлади. Уларнинг қисмати уйга михланган, кўпинча вазифаси невара-чевара боқишдангина иборат. Куч-қувватдан қолмагани ва малакасини йўқотмагани ишлашда давом этиши мумкин, шунда ҳам белгиланган пенсиясининг 50%ини олиши мумкин бўлади. «Старость — не радость» деган ибора бизнинг пенсионерлар ҳақида айтилган.

Нега шундай? Нега Ғарбда пенсионерлар ўзларига раво кўрган имкониятларни бизнинг пенсионерлар тушида ҳам кўра олмайди. Ё бизнинг пенсионерлар уларга қараганда ёшликда камроқ, унумсизроқ ишлаганми? Йўқ албатта. Гап тизим, пенсия тизимида.

Тасаввур қилинг, бизнинг пенсия тизимимиз умумий қозон. Ишловчи зоти борки, шу қозонга топганидан бир қисмини ажратади. Ишловчиларнинг қозонга ташлаганидан бугунги пенсионерларга пенсия тўланади. Бугунги ишловчилар пенсияга чиққан пайтда эса ўша пайтда ишловчи мақомидагиларнинг қозонга ташлагани ҳисобидан пенсия олишади.

Бугунги пенсионерлар учун мен пенсия тўлаётганим, мен пенсияга чиққан пайтимда ўша пайтдаги ишловчилар менга пенсия тўлаши мени юмшоқ қилиб айтганда қаноатлантирмайди.

Ғарбда эса, айрим истисноларни инобатга олмаганда, ҳар бир шахс ўз пенсия таъминотини ўзи яратади. Бошқача айтганда, шахсий жамғарилиб борилувчи пенсия тизими амал қилади.

Бизда ҳам 2004 йилдан жамғариб борилувчи пенсия тизимининг илк белгиларини яратишга уриниш бошланди. Ҳатто бу борада «ФУҚАРОЛАРНИНГ ЖАМҒАРИБ БОРИЛАДИГАН ПЕНСИЯ ТАЪМИНОТИ ТЎҒРИСИДА» Қонун ҳам қабул қилинди. Лекин назаримда шу билан шахсий жамғариб бориладиган пенсия тизимига ўтиш йўлидаги қадамлар тўхтаб қолинди.

Ҳозирга келиб нимага эгамиз? Иш берувчим иш ҳақи фондидан менинг ҳар ойлик даромадимнинг 25%и миқдорида ягона ижтимоий тўлов тўлайди. Бунинг 24,8%и Пенсия жамғармасига юборилади. Шунингдек, мен жисмоний шахс сифатида ўз даромадимдан ҳар ойда 6% Пенсия жамғармасига ажратма ўтказаман. Яъни, солиқ ушлангунгача бўлган жами даромадимнинг тахминан 30%дан ортиқ миқдордаги маблағ умумий қозонга — бугунги пенсионерларнинг олдидаги мажбуриятларни бажаришга йўналтирилади. Ўзимнинг Халқ банкидаги шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағимга жами даромадимнинг атиги 1%и ўтказилади. Фарқни сезаяпсизми?

Нима демоқчиман ўзи? Муддаога ўтар бўлсам, умумий қозондан жамғариб бориладиган пенсия таъминотига ўтиш 1 йилда юз бермайди. Бунинг учун одатда битта ишчи авлодининг умри керак бўлади (25-30 йил). Агар 2004 йилдан бошлаб ҳар йили умумий қозонга ўтказилаётган ажратмани 1%дан камайтириб, шахсий жамғармага ўтказиладиган ажратмани 1%дан оширишни йўлга қўйганимизда, бугун деярли ярим йўлга келиб қолган бўлардик, 2030 йилларга бориб тўла-тўкис Ғарб андозасидаги пенсия тизимини жорий этишни якунлаган бўлардик. Нега бундай бўлди, нега ислоҳотлар бошландию, биринчи қадамдан кейин ҳаракат бутунлай тўхтаб қолди, бунинг сабаблари менга қоронғу.

Жамғариб бориладиган пенсия таъминотининг ягона агенти сифатида Халқ банки белгиланганига ҳам айрим эътирозларим бор. Тўғри, бизда ҳали хусусий ва нодавлат пенсия жамғармалари тизимини яратиш йўлини тутишга анча вақт бор, буни тушунаман. Лекин нега рақобат муҳитини яратиш мақсадларида тизимда бошқа тижорат банкларининг (майли фақат давлат ихтиёридаги банкларнинг) иштирокини таъминлаш мумкин эмас? Маълумот учун айтиб ўтишим мумкин, Халқ банки жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақлари қолдиқларига 2012 йил учун атиги 8% фоиз тўлашини маълум қилди (Пул бозоридаги минимал нарх 12% бўп турган пайтда). Рақобат муҳити бўлганида бу балки 12-15%га етиши мумкинмиди?

Жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимини яратмай туриб замонавий ипотека тизимини ҳам яратиб бўлмайди. Бу ҳақда, пенсия ва ипотеканинг узвийлиги ва эгизаклиги борасида кейин гаплашамиз.

19 сентябрь 2013 йил.

Тавсия этамиз

Трампистон

АҚШда президент сайловлари якунланди. Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини хоҳлаган эдим (доим демократ номзодларга “болеть” қилганман) …

Добавить комментарий