Бош саҳифа / Сиёсат / Ғоялар ва қоялар

Ғоялар ва қоялар

Шу йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтади. Бундан бир неча кун аввал Марказий сайлов комиссияси сайловда қатнашадиган партияларни рўйхатга олишни тўхтатди. Ўн тўртта партия «Жогорку Кенеш»даги ўринлар учун курашга чиқадиган бўлди.

Гарчи МСК фақатгина ўн тўрт партияни рўйхатдан ўтказган бўлса ҳам, аслида, сайловда бундан анча кўп партия иштирок этмоқда. Гап шундаки, сайловлар арафасида бир қатор партиялар иттифоқ тузиб, сайловда бир партия сифатида қатнашишга қарор қилишган. Умуман олганда, партияларнинг маълум мақсад йўлида бирлашишининг ёмон тарафи йўқ. Лекин, Қирғизистондаги партиялар иттифоқи сал бошқачароқ. Ҳозир ана шу бошқача нарсалар ҳақида.

Сиёсий партия нима дегани ўзи? «Википедиа»ни варақлаб ўтирмай, ўзим тушунганича айтсам, сиёсий партия – маълум сиёсий ғоялар, қарашлар ва принципга эга одамларнинг ҳокимият теппасига келиш учун тузган ташкилоти. Яъни, идеал ҳолатда, партия энг аввало ғоя, идея деганидир. Шундай экан, бир партия бошқа бир партия билан иттифоқ тузса, бу партияларнинг ғоявий жиҳатдан бир-бирига яқин, дастурлари бир-бирига ўхшаш эканини таҳмин қилиш ўринли.

Мен юқорида айтган бошқачалик ҳам айнан шу ерда. Қирғизистонда сайловда бирга қатнашишни мақсад қилган партиялар рўйхатига назар ташласангиз, нафақат ғоя ва дастурлари бир-биридан йироқ, балки, бир-бирига зид ғояларни илгари сурган партиялар бирлашишганининг гувоҳи бўлиш мумкин. Энг ёрқин мисол, менимча, Республика, Ата-Журт ва Реформа партияларининг иттифоқи. Республикачилар асосан Омурбек Бабановнинг бизнес ҳамкорларидан иборат бўлса, Ата-Журт миллатчи партия сифатида танилган. Реформа партияси эса ғарбона либерал қарашдаги, олий маълумотли ёшлардан тузилган ёш партия.

Яна бир бошқача ва яна охири ғояга бориб тақалафиган нарса – сиёсатчиларнинг ҳар сайловда ҳар хил партия сафида иштирок этишидир. Партия энг аввало ғоя, деган гапимизни эсласак, бу каби кўчманчиликдан сиёсатчилар ўз қарашлари ва принципларида собит эмас, деган хулоса келиб чиқяпти.

Аслида гап сиёсатчиларнинг қарашларида ҳам эмас. Ҳамма гап партияларда. Юқорида мисол сифатида келтирилган партияларнинг иттифоқ тузишининг ҳам, сиёсатчиларнинг у партиядан бу партия кўчиб юришининг ҳам сабаби – партияларнинг ғоя эмас, маълум бир шахс атрофида, бир амаллаб парламентга келиш, деган тор мақсадда тузилган ташкилот эканидир.

Юқоридаги ҳолатлардан кўриниб турибдики, Қирғизистон парламентининг таркибида катта ўзгариш бўлмайди. Шундай бўлса ҳам ҳалиям умид бор. Йилдан-йилга депутатларнинг парламентаризм ҳақида тушунча ва кўникмалари ортиб бориши, маълум қадриятлар ва анъаналар шаклланиши, бир кун келиб ҳақиқий партиялар тузилиши, ҳақиқий парламентаризм қурилишига ҳалиям умид бор. Ҳозирги сайловлар ана шу узоқ йўлнинг боши, ҳозирги хато ва камчиликлар ҳар қандай янги нарсани ўзлаштириш жараёнидаги вақт ўтиши билан тўғриланиб бориладиган нуқсонлар бўлса ажаб эмас. Ҳар қалай шунга ишонгиси келади одамнинг.

Тавсия этамиз

Трампистон

АҚШда президент сайловлари якунланди. Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини хоҳлаган эдим (доим демократ номзодларга “болеть” қилганман) …

Добавить комментарий