Ҳайит

Ҳар йили ҳайит байрамида бобом доим бир дуони қайтарарди: “Кейинги шу ой, шу кунларга барчамизни соғ-саломат етказсин!” Бу дуога авваллари унча аҳамият бермасдим. Бу ҳам тўйда айтиладиган, бахтли бўлинглар, қўша қаринглар каби “навбатчи” гап бўлиб кўринарди.

Эсимни танибманки, ҳар йили ҳайит байрами деярли бир хил ўтади. Эрталаб ҳайит намозга чиқамиз, намоздан кейин масжид ёнидаги бозордан ҳайитлик олиб уйга келамиз. Бироз дам олингач, бобом ва бувимнинг уйига йўл оламиз.

Илк бор бу кун тартиби бувим вафот этган 2009 йили ўзгарган эди. Намозни ўқиб бўлгач, уйга эмас, тўғри “катта эшикка” шошилган эдик. Фотиҳа ўқигани келадиган одамларни кутиб олиш учун. Кейинги йиллардан бошлаб яна аввалгидек дастлаб уйга, кейин бобомнинг олдига борадиган бўлдик.

Бу йилги Рамазон ойининг ўртасида, аниқроғи 2 июль куни салкам тўқсон ёшида бобом, бизнинг тилда айтганда оподадам вафот этди. Бу йил ҳам намоздан кейин тўғри “катта эшикка” шошилдик.

Сабабини билмадиму, негадир, айнан бу йил юқорида айтилган дуонинг маъносини тушунгандек бўлдим. Мени бобомдан кўра бувим, мен бувимни бобомдан кўра кўпроқ яхши кўрган бўлсам ҳам, 2009 йили эмас, айнан бу йил бобом ва бувимнинг ҳовлисига кирганимда, болалигим ўтган бу ҳовли ҳувиллаб қолгандек туюлди. Амакимнинг оиласи шу ерда яшаши ҳам, ҳовлининг қариндош-уруғлар билан тўла экани ҳам бу туйғуни заррача ўзгартира олмади. Балки, айнан бу йил кейинги шу ой, шу кунларга ҳамма ҳам етиб кела олмаслигини чинакамига ҳис этгандирман…

Барчангизни Ийд ал-Фитр – ҳайит билан табриклаган ҳолда, бобом менинг онгли ҳаётим давомида ҳар йили ҳайитда айтган дуосини қайтармоқчиман: “Кейинги шу ой, шу кунларга Ўзи барчамизни соғ-саломат етказсин!”

Байрамингиз муборак бўлсин!

Тавсия этамиз

Ёпишмаган гажаклар ва тўл(дирил)маган абзацлар

Жинпинг. Цзиньпинь. Хуллас шу одамнинг исми-шарифининг ўзбекчада қандай ёзилиши борасида “асосан дунё кўрган, чет тилидаги …

Добавить комментарий