Бош саҳифа / Жамият / Қиммат ҳайвонлар ва арзон одамлар

Қиммат ҳайвонлар ва арзон одамлар

Кенжа ўғлим жуда инжиқ. Тинчлантиришнинг кам сонли йўлларидан бири – Nat Geo Wild телеканали. Кеча шу канални томоша қилиб ўтирсак, оёғи йўқ, қўли йўқ, хуллас, инвалид ҳайвонларга протез ясаётган докторлар ҳақида кўрсатув бошланиб қолди. Олд оёғи йўқ от, орқа оёғи йўқ ит, икки орқа оёғи калта чўчқача, ҳатто думи йўқ аллигатор… Ҳаммасига ўзига яраша, яшаш тарзи ва эҳтиёжларига қараб протез ясаб беришган. Бу протезлар билан улар “ҳамма қатори” яшаб юришибди.

Шу пайт ёнимда ўтирган жиян: “Шу америкаликлар ҳам ғалати, оёғи йўқ от ва итларни бошига урадими? Яна шунча пул сарфлаб ясама оёқ қилдириб берибди. Биз тарафда бўлганда отни аллақачон сўйиб ташлашган бўларди.” – деб гапириб қолди.

Бир тарафдан, жияннинг гапи асослидек кўринди. Тўғрида, ногирон ҳайвон боқишдан нима фойда?! Биласиз, бизда камдан-кам ҳолда бирор манфаатсиз ҳайвон боқилади. Товуқ боқсак тухум, мол-қўй боқсак гўшт бериши учун, ит боқсак уй қўриқлаши учун боқамиз. (Ҳатто фарзандларга миннат қиладиганлар ҳам бор. Киноларимизда ҳам ўғлига “сени қариганимда мени боқади, ўлсам кўмади, деб катта қилгандим” ёки қизи ҳақида “ўлсам ортимдан йиғлайдиган одам қолади” каби ибораларни эшитган бўлсангиз керак?!) Шу ишларни бажаришга ярамай қолган жониворлардан воз кечилади. Қайси бир қассобга, яна қайси бири кўчага…

Телевизорда ҳайвонларга протез ясаб бераётган докторлар ва бу ҳайвонларни боқаётган одамлар бир нарсаларни ҳикоя қилиб берар экан, хаёлим ўзимиз тарафда яшайдиган имконияти чекланган ОДАМларга кетди. Хафа бўлмангу, биздаги кўпчилик ногирон одамларда ҳам ана шу ҳайвонларга берилаётган имкониятлар йўқ. Гап пул сарфлаш ёки протез қилдириб беришда ҳам эмас. Гап уларга сарф этилаётган вақт ва эътиборда.

Мен боя бизда фойда келтирмайдиган жониворлардан воз кечилиши ҳақида гапирдим. Менимча, бизда фойда келтирмайдиган одамлардан ҳам воз кечилади. Улар уйда индамай, ҳеч қаёққа чиқмай, ҳеч кимга ҳалал бермай, газета ўқиб, телевизор кўриб, яқинлари кўрсатаётган ғамхўрликдан миннатдор бўлиб ўтириши керак одам сифатида қабул қилинади. Негадир, баъзилар имконияти чекланган оила аъзоси борлигини бошқалар билиб қолишидан ҳам қўрқишади. Мен ҳалиям фақат жисмоний имконияти чекланган одамлар ҳақида гапиряпман.

Гапларим оғир ботган бўлса ёки ҳақиқатдан узоқдек туюлса, келинг, жамият имконияти чекланган одамларга қай даражада дўстона муносабатда эканини текшириш учун бир кичик тажриба ўтказамиз. Қўлингизга қоғоз-қалам олиб, ўзингиз яшайдиган шаҳар ёки қишлоқдаги қайси ташкилот, ишхона, идора, ошхона-ю ресторанлар, кинотеатр ва боғларда имконияти чекланган одамлар учун шароит яратилганини текшириб чиқинг. Пандуслар, йўлангичлар, махсус ҳожатхонлар, лифтдаги тугмачаларнинг баландлиги ва ҳоказо… Агар имкониятингиз бўлса, ўзингиз ногиронлар аравачасига ўтириб ана шу “имкониятлар” аслида қайси даражада қулай эканини ҳам текшириб кўринг. Бундай дейишимнинг боиси, кўп муассасалар бу каби “имкониятлар”ни, асосан, ногиронлар учун эмас, шаҳар маъмурияти учун яратишади.

Илтимос, тажриба натижаларини биз билан ҳам ўртоқлашсангиз.

Шунақа гаплар. Одамлар масаласини бир ёқлик қилайлик, кейинчалик, балки ногирон жониворларимиз ҳақида ҳам гаплашармиз…

Тавсия этамиз

Эллардайс, журналистика ва ватанпарварлик ҳақида

Кеча Англия терма жамоаси бош мураббийи Сэм Эллардайс коррупцион можаролар ортидан истеъфога чиқарилди. Бу воқеа …

Добавить комментарий