Бош саҳифа / Дилдаги гаплар / Демократия ҳақида
Selective focus on the word "democracy". Many more word photos for you in my portfolio...

Демократия ҳақида

Совет даври ҳақида кўпчилик кўп марта эшитган қизиқ бир латифа бор.

АҚШ президенти Никсон ва Совет Иттифоқи раҳбари Брежнев демократия ҳақида тортишиб қолишади.

— АҚШда ҳақиқий демократия бор. Бизда исталган одам Оқ уй қаршисига келиб “Никсон ахмоқ!” деб бақириши мумкин ва бунинг учун у одамга ҳеч нарса бўлмайди.

— Сиз айтган демократия Совет Иттифоқидаям бор. Бизда ҳам исталган одам Қизил майдонга келиб “Никсон ахмоқ!” деб бақириши мумкин ва ўша одамга бунинг учун ҳеч нарса бўлмайди.

Баъзан АҚШ, Россия ёки яна бошқа биздан узоқроқ жой, воқеа ва шахслар ҳақида фикр билдира туриб, нега ўзимиз ҳақимизда шунақа фикр билдира олмаймиз, деган хаёл келади. Мисол учун, АҚШ президентлигига номзод Ҳиллари Клинтон ҳақида истаганча ёзиб, хоҳласак мақтаб, хоҳласак ёмонлаб ташлашимиз мумкин. Европанинг иккиюзламачилиги ҳақида соатлаб гапириб, Гейропа деб “эркалатишимиз” ҳам мумкин.

Лекин воқеалар ва қаҳрамонлар ўзимизга яқинлашгани сари овозимиз ҳам секин пасайиб кетаверади… Путиннинг қизи қаерда ва неча миллион долларлик уйда туриши ҳақида бемалол гапирамиз. Ўзимизнинг амалдорларнинг ўғли ёки қизининг Лондонда неча акр майдонли қасри бор, Швейцариянинг қайси банкида қанча пули бор экани ҳақида эса фақат Озод ака ва Бибисора гапиради. Тўғри, биз ҳам гапирамиз, лекин, ўша одам айтганидек, бизнинг гаплар ошхонадан ташқарига чиқмай қолиб кетади.

Мана, ҳозир ҳам умумий қилиб “ўзимизнинг амалдорларнинг ўғли ёки қизи”, “ўша одам” деб умумий қилиб айтиб қутулдим. Айтсам бўлардию, масалан… Ҳа, майли… Кейинги сафар албатта айтаман, қалпоғим билан қасам ичаман, дермиди… 🙂

Марказий Осиё деб аталмиш бепоён минтақамизнинг қайси бурчагига боқманг, ҳамма жойда деярли шу ахвол. Тўғри, руслар айтмоқчи “в семье не без идиотов”…

Хуллас, ҳозирча демократиямиз фақат Қизил майдонда “Никсон ахмоқ!” деб бақиришга имкон бергулик даражада. Балки қачонлардир Оқ уй қаршисида “Никсон ахмоқ!” деб бақириш мумкин ва бунинг учун бизга ҳеч нарса бўлмайдиган кунлар ҳам келиб қолар.

Тавсия этамиз

Ёпишмаган гажаклар ва тўл(дирил)маган абзацлар

Жинпинг. Цзиньпинь. Хуллас шу одамнинг исми-шарифининг ўзбекчада қандай ёзилиши борасида “асосан дунё кўрган, чет тилидаги …

Добавить комментарий