Бош саҳифа / Сиёсат / Ельцин, демократия ва ушалмаган умидлар

Ельцин, демократия ва ушалмаган умидлар

— Борис Николаевич, сиз демократмисиз?

— Йўқ. Мен қандай қилиб демократ бўлишим мумкин? Сиз мени қайси давлатда туғилганимни, қайси партия аъзоси бўлганимни биласиз-ку?!

Ельциннинг Познерга айтган бу гапларини эслашимизнинг боиси, Марказий Осиё, умуман, Собиқ Иттифоқи давлатларида декморатик ислоҳотларнинг омадсиз чиққани, кўп давлатлар яна диктатура ва авторитаризм деган кўчаларга кириб қолишининг сабаби сифатида, янги мустақил давлатларни ҳалиям совет даврида советча тарбия топган одамлар бошқараётгани сабаб сифатида кўрсатилган. Улар, юқорида Ельцин айтганидек, қандай қилиб демократ бўлишлари мумкин?! Шу боисдан кўпчилик мустақилликнинг 20-25 йилларида эркинлик ва демократия ҳавосидан нафас олиб, совет мафкурасидан ҳоли тарзда улғайган янги авлоднинг саҳнага келиши ва ўзгаришлар бошланишини кутилган эди. Лекин… Лекин, назаримда, янги авлод ёки саҳнага келмади, ёки келса ҳам ҳеч нарсани ўзгартира олмади.

Бундан бир неча йил аввал келажакда Ўзбекистонни бошқариши кутилган «Умид»чилар ҳақида қуйидагиларни ўқиган эдим.

«Ўша авлод илк бора аудиторияларда очиқ бозор, очиқ жамият, ижтимоий адолат, демократия, эркин сайловлар, инсон ҳуқуқи, шахс, виждон, сўз эркинлиги каби замонамиз фуқароси учун зерикарли ва аҳамиятсиз бўлган калималарни ўрганди, нафақат ўрганди, бу калималарни ўзи учун олий қадриятга айлантирди ҳам. Кейин «Умид» жамғармаси кўмагида бу авлоднинг энг олд вакиллари Сорбоннада ҳуқуқни ўрганди, Принстон университетида молия илмини сув қилиб ичди, Калифорнияда ахборот технологиялари ва муҳандислик сирларини ўзлаштирди. Уларда шашт баланд эди, мақсад аниқ эди. Ҳатто, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида ташкил этилган бир учрашувда Президент уларни мамлакатнинг бўлажак элитаси, деб атаганди. Уларнинг орасидан вазирлар ва ҳатто Президент чиқиши борасида башорат этган эди. Кейин, кейин нимадир бўлди. «Умид»чилар ўқишни битириб, Ватанга қайта бошлади, лекин уларнинг «ғовлаб» кетган каллалари умумий аҳволимизга «тўғри келмаслиги», уларнинг «лаънати ғарб» таъсирида эканлиги тез орада аён бўлиб улгурди, бунинг устига ўзимизда ўқиган кўп иқтидорлар ҳам шулар тоифасидан чиқиб қолди. Кераксизлигини ҳар дақиқада ҳис қилиб, давлат олдидаги 5 йиллик мажбуриятни бир амаллаб ўтаб бўлган «Умид»чилар (уларга қўшилиб «олтин авлоднинг» бошқа вакиллари ҳам) яна мамлакатни тарк этаётганида, уларга тўхта, дейдиган, дейиши мумкин бўлган Зот ҳам унутгандек эди гўё, уларни… «Олтин авлод»нинг, «Умид»чиларнинг энг ёши улуғлари 35- 36 ёшни қаршиламоқда. Айни ишлайдиган, кеча-ю кундуз юртга, миллатган фойда келтириш мумкин бўлган давр. Улар қаерлардадир ишлашаяпти ҳам (асосан кунботар мамлакатларида), йўқолиб кетишгани йўқ. Лекин улардан на вазир, на сенатор чиқди.»

Бугун эса ҳозирда АҚШда истиқомат қилувчи қирғизистонлик ёш олима Эрика Маратнинг Фейсбукдаги ушбу сўзларига кўзим тушди.

«Бу сафарги конституцияга киритилаётган ўзгаришлар ва авторитаризим томон эврилишларни аввалгиларидан оғир ботяпти. Боиси Акаев ва Бакиев даврларидан фарқли равишда, кечагина мен билан бир тилда гаплашган ва сиёсатимизда янги давр бошлашлари умид қилинган тенгдошларим президент атрофидаги югурдакларнинг бир қисмига айланиб улгуришибди.

Бўлажак референдумда энди фақат тилёғламаликдан бошқасини билмайдиган пост-совет элитасини айблаш иложсиз. Янги сиёсатчилар ва амалдорлар авлоди – билимли шаҳарлик ёшлар, кўпчилиги бойлар. Улар совет даври қолдиқлари эмас. Улар мустақиллик даврида билим олган, дунё кезган, карьерасининг бошида туришибди. Лекин тенгдошларимнинг ҳеч бири конституцияга киритилиши кутилаётган ўзгартиришларга қарши чиқмади. Қандай қилиб бундай бўлди? Қандай қилиб ҳали ҳаммаси олдинда бўла туриб бирдан эркин фикрлашни тўхтатиб “статус кво”нинг бир қисмига айланиб олиш мумкин?»

Савол туғилади, мустақиллик йилларида турли тараққиёт йўлини танлаган, ёшлар тарбиясига ҳам турлича ёндошган икки қўшни давлатдаги сўнгги натижа нима сабабдан деярли бир хил? Бу саволга аниқ жавоб бериш мушкул. Балки, бу ўша “олтин авлод”нинг мутлақ камчиликда қолиб кетганидандир… Балки, бу янги авлод ҳам совет авлодидан тарбия олгани учундир… Коммунистлар қандай қилиб демократларни тарбиялашлари мумкин?! У ҳолда яна бир авлод алмашишини кутишдан, бу сафар натижа яхши бўлишига умид қилишдан ўзга чорамиз йўқми?! Балки, атрофимиздаги “катта оға”лар Марказий Осиёда эркин жамият пайдо бўлишидан манфаатдор эмаслигининг оқибатидир бу… Балки шу омилларнинг барчаси оз-оздан ўз таъсирини ўтказгандир… Шуниси аниқки, қандайдир тектоник ҳаракат бўлганки, янги авлод ҳам бузилган, бузилмоқда.

Тавсия этамиз

Трампистон

АҚШда президент сайловлари якунланди. Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини хоҳлаган эдим (доим демократ номзодларга “болеть” қилганман) …

Добавить комментарий