Бош саҳифа / Сиёсат / Сўз эркинлиги, Ислом ва терроризм

Сўз эркинлиги, Ислом ва терроризм

Бугун “Charlie Hebdo” (“Шарли Эбдо”) ҳафтаномаси таҳририятига ҳужум қилинганига бир ҳафта бўлди.

“Аллоҳу акбар” деб ҳайқиргани айтилаётган кишилар бинога кириб гранатомётдан отган ва журналнинг тўрт нафар энг машҳур карикатурачисини ўлдирган. Яна саккиз одам, шу жумладан, полиция вакиллари қурбон бўлган.

Бу ҳодиса ҳақида ёзмаган оммавий ахборот воситаси қолмади. Муҳокамалар қизғин.

Эътибор сўнгги йилларда ва ҳатто бугун, ҳужумлардан бир ҳафта ўтиб ҳафтаноманинг бош саҳифасида чоп этилган ва Муҳаммад пайғамбарни кулгига олган суратларда.

Шу ўринда дарҳол қайд этиш жоиз: ҳафтанома бошқа, ислом ёки мусулмонларга алоқаси бўлмаган мавзуларни ҳам ёритиб келади ва уларни ҳам кулгили аснода тасвирлайди.

Кўплар дарҳол 2006-2007-йиллар ҳодисаларини ёдга олди. Ўшанда Даниянинг бир газетаси Муҳаммад пайғамбарни ҳажвий ҳолатда тасвирлаб қатор карикатураларни босган эди. Буни ҳақорат деб қабул қилган мусулмонлар аввал Данияда, сўнгра дунёнинг бошқа мамлакатларида кўчаларга чиққан. Ғазаб ва норозилик шу қадар кучли бўлганки, бегуноҳ одамлар нобуд бўлган.

Парижда ҳам нафақат “айбдор”лар, яъни карикатуралар муаллифлари, балки ҳафтаномага алоқаси бўлмаган одамлар ўлди.

Хўш, бу воқеаларни қандай баҳолаш керак?

Дунё иккига бўлингандай.

Бир тарафда сўз эркинлигини ҳимоя қилаётганлар, шу жумладан, менга ўхшаган журналистлар.

Бошқа тарафдан, пайғамбарни ҳеч қандай шаклда тасвир этиш мумкин эмаслигини билган, карикатураларни кўриб, ранжиган сиз билан менга ўхшаган мусулмонлар.

Ҳар иккала қутбда кескин қарашдаги одамлар бор. Бир томонда исломни фақат қора бўёқларга бўяшга одатланганлар. Бошқа ёқда террорчиларни қоралаб чиққан мусулмон уламолар.

Бир тарафда сўз эркинлиги демократик жамиятнинг узвий қисми, деганлар. Бошқа тарафда, наҳотки, журналистлар 1,5 миллиард мусулмонни ҳақорат қилганини тушунмаяпти, деб савол бераётганлар.

Менинг фикрим қуйидагича.

Журнал ёки газетадаги материал шахсиятимни пастга урди, деган одамлар шу газетани судга берсин. Суд ишни ҳал қилиб, ҳукм чиқарсин. Демократик сиёсий тизим, хусусан, кўпфикрлилик тамойилига асосланади. “Charlie Hebdo”да ишлайдиган ҳар бир журналист учун бу яшаш, нафас олиш билан баравар ҳуқуқ.

Улар ҳақиқатан масъулиятсизлик қилди, деган фикрда жон бор. Чунки карикатуралар мусулмонларнинг ор-номусини ерга уришини журнал ходимлари яхши тушунган. Қолаверса, Францияда Европа мамлакатлари орасида энг катта мусулмон жамоа яшашини ҳам билади.

Лекин расмлар учун инсон ҳаётига қасд қилиш нотўғри. Бу масалада фикрим қатъий.

Нима сабабдан Покистон ёки Нигерияда ўнлаб ва ҳатто юзлаб одам ўлиб кетаётганида айнан Париж ҳодисаларига катта эътибор қаратилмоқда, деган фикрга жавобим, тўғрироғи, шарҳим мана бундай: гап шундаки, Париж воқеаси мусулмонларга ва ислом динига муносабатни кескин ўзгартиради. Салбий тарафга ўзгартиради. Ҳудди 2001-йил 11-сентябр фожеаси каби.

Европаликлар нуқтаи назари қандай деб ўзимизга савол берсак, бир нарсани тушунамиз. “Charlie Hebdo”га ҳужум аслида дунёдаги энг қадимги демократиялардан бири, Бешинчи Республикадаги асосий тамойилларидан бири – сўз эркинлиги ва кўпфикрлиликка рахна солди. Бу шунчаки алоҳида бир журналга ҳужум эмас. Ғарбликлар буни бутун цивилизацияга ҳужум, инсоният эришган ютуқларга ҳужум, дея кўрмоқда.

Айнан шу боис ҳужумлардан сўнг дунё раҳбарлари Париждаги бирдамлик юришида Франция Президенти Франсуа Олланд билан елкама-елка турди. Айнан шу сабабдан “Charlie Hebdo”нинг янги сони, ҳужумлардан бир ҳафта ўтиб илк бор босмадан чиққан сонида яна Муҳаммад пайғамбар тасвири бор.

Бугун бирор гуруҳ журнални ҳақорат учун судга берса, суд ҳукмни журнал фойдасига чиқарган бўларди. Демак, бундан буён мусулмонлар пайғамбарнинг қиёфаси босилаверишига ўрганишга мажбурга ўхшайди. Қолаверса, Францияга айнан эркинлик, тенглик ва янги имкониятлар деб кўчиб борган мусулмонлар у ерда бир неча асрдан буён ҳукм сураётган қонун-қоидаларга бўйсуниб яшаши тўғри эмасми?

Яна бир гап. У ёки бу мавзуни ёритишни ман этиш керак, деган фикр янграганида мен доим хавотирга тушаман. Чунки бу чегарани ким ва қандай белгилайди? Тақиқланган мавзулар кўпайишидан қўрқаман. Журналистман. Эркин жамият аъзосиман. Ҳуқуқларимни топташларини истамайман. Цензурага, табиий, қаршиман. Масалан, менинг бу мақоламни ҳам ҳеч ким аввалдан ўқимади, буюртма бермади. “Америка Овози” веб саҳифасида чиқаётганига қарамай, бу ташкилот фикрини акс эттирмаслиги мумкин. АҚШ позициясини ҳам. Шунчаки, шахсий фикр. Мулоҳазаларимни маданий йўл билан билдириш имконига эгалигимдан хурсандман. Сиз ҳам билдиринг, азизим. Балки гапларимга қўшилмассиз. Шуни билдиринг.

Ҳақоратсиз, ҳурмат билан.

Гаплашамиз.

«Америка Овози» Ўзбек хизмати сайти таркибидаги «Inter-Gap» блогидан олинди. Оригинал мақолага ҳавола: http://blogs.voanews.com/uzbek/inter-gap/2015/01/14/soz-erkinligi-islom-va-terrorizm/

Тавсия этамиз

Трампистон

АҚШда президент сайловлари якунланди. Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини хоҳлаган эдим (доим демократ номзодларга “болеть” қилганман) …

Добавить комментарий