Бош саҳифа / Сиёсат / Чекланган сўз эркинлигининг фойдаси ҳақида

Чекланган сўз эркинлигининг фойдаси ҳақида

Ўткан ҳафта Россиянинг “Дождь” телеканалида таниқли журналист Познер ва сиёсатчи Навальний ўртасида дебат бўлиб ўтди. Унда Россиянинг федерал телеканалларидаги цензура масаласи асосий мавзу бўлди. Гарчи Познер билан Навальний ўртасидаги тортишув аниқ бир ҳолат, яъни ёш қизалоқни бошидан жудо қилган энага Гулчеҳра Бобоқулова иши юзасидан келиб чиққан бўлса ҳам, шу баҳона кўпчилик цензура борасида ўз дардини айтиб оляпти.

Цензура ҳақида гап кетганида, менимча, сиёсатчи ва журналистнинг фикри ҳеч қачон бир жойдан чиқмаса керак. Қайси сиёсатчи, журналист цензура имкон берганича халққа ҳаққоний хабар етказишга ҳаракат қилиш керак, дейди? Айниқса мухолиф сиёсатчи. Айниқса, Алексей Навальний каби ҳукумат тепасига ҳеч қачон келмаслиги аниқ бўлган сиёсатчи.

Сўз эркинлиги борасида Познернинг ўзи айтган яхши фикр бор. Сўз эркинлиги – бу бир коридор. Қаердадир бу коридор кенгроқ, қаердадир эса тор. Аччиқ ҳақиқат шуки, ана шу коридор МДҲ давлатларида анчагина тор. Бундай вазиятда журналист (ҳақиқий журналист, пропагандист эмас) олдида (асосан) иккита танлов бор. Биринчиси, цензура кучли, лекин катта аудиторияга эга оммавий ахборот воситада ишлаш ва шу цензура имкон берган даражада халққа маълумот етказиш. Иккинчиси, нисбатан эркин, лекин жуда кичик аудиторияга эга ОАВда ишлаш. Яъни, қанча аудитория катталашгани сари эркинлик кўлами торайиб боради.

Познер биринчи йўлни танлаган журналист. Тўғри, уни цензура билан тил бириктиришда, йўқ сўз эркинлигининг тимсоли бўлишда айблашади. Тўғри, у ўз кўрсатувига Навальний ёки Ходорковскийни таклиф қилолмайди. Тўғри, у цензуранинг баъзи шартларига кўнади. Лекин у йилда бир маротаба “Госдума”ни “Госдура” деб атаса, уни Владивостокдан Калининградгача ҳамма эшитади.

Ўткан йили Диёр Имомхўжаев “Спорт” каналидан “ўз хоҳишига кўра” ишдан бўшатилди. Сабабини кўпчилик билади. Бугун у “Эрудит Спорт”да ёки ўз блогида ижод қиляпти. Лекин, шу иккаласининг ўқувчиларини қўшиб ҳисоблагандаям “Спорт” каналининг бугунги кунда анча нуфузи тушиб кетган аудиториясининг 10 фоизича ҳам чиқмаса керак.

Худди шунингдек, “Дождь” ёки “Эхо Москвы” Шендерович, Навальний ёки Ксения Собчакнинг “Первый канал”да айтиш мумкин эмас гапларни 24 соат давомида эфирга бериши мумкин. Лекин, уларни Отабек Бакировдан бошқа ҳеч ким эшитмайди. 🙂

Ўзини журналистман, деб ҳисоблаган одам қайси йўлни танлаши керак? Бу энди ҳар бир журналистнинг ўз касбини қандай тушуниши, бу касбни танлашдан мақсадлари, принциплари, қадриятлари, қолаверса, ёши ва тажрибасига боғлиқ нарса. Ксения Собчакнинг ёшида Познер ҳам бугунги шартларга кўнмаган бўлиши, ва аксинча Познернинг ёшига етганда Ксения Собчак ҳам шу шартлар асосида ишлашга рози бўлиши мумкинлигини инкор этиб бўлмайди.

Томошабин, тингловчи ёки ўқувчи учун қайси бири фойда? Албатта, ҳар иккисининг ҳам ўз ўрни бор. Лекин, шахсий фикримча, кўпчилик учун биринчи йўл. Чунки ҳаммада ҳам фақат пойтахтда ёки интернетда, бунинг устига қўшимча пул тўлаб кўриш, эшитиш ёки ўқиш мумкин бўлган оммавий ахборот воситаларини кузатиш имкони йўқ. Қолаверса, марказий каналдан айтилган гап билан кабель ёки интернет орқали эфирга узатиладиган хусусий каналда айтилган гапдан таъсири ва салобати юқорироқ бўлади.

Шу билан бирга ахборот излаган ва керак бўлса унинг учун пул тўлашга тайёр озчилик учун шартли “Дождь” ва “Эхо Москвы”лар ҳам бўлиши керак.

Ҳозирча цензурадан ўтгани шу. Омон бўлинг.

Тавсия этамиз

Трампистон

АҚШда президент сайловлари якунланди. Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини хоҳлаган эдим (доим демократ номзодларга “болеть” қилганман) …

Добавить комментарий