Бош саҳифа / Блогинг / Наталя (Таля). Хотима

Наталя (Таля). Хотима

Таля билан боғлиқ батафсил интим тафсилотларни кутаётганларнинг ҳафсаласини пир қиламан. Бу томони энди ўта шахсий масала.

Муносабатларимиз ўша йили ёз келиб, каникулга кетгунимча давом этди. Ёз охирида кўришамиз деб, аҳдлашиб хайрлашдик. У пайтларда хабарлашиб тургани телефон, и-мейл, ижтимоий тармоқ деган нарсалар бўлмаган. Август охирида Тошканга қайтиб, тўғри Оқтепага шошилдим. Талянинг квартирасига бошқа ижарачилар кўчиб киришга улгуришган экан. Хоразмликлар. Таля-паляни танимаймиз дейишди.

Таля билан кўришиб юрган вақтимизда, мабодо бир-биримизни топа олмасак, подъезддаги электр счетчиклар жойлашган шкафнинг ўзимиз билган тирқишида «записка»лар қолдирардик. Хоразмлик ижарачилардан рухсат сўраб, шкафни очдим, тирқишда кленкага ўралган 5 та хат чиқди. Талянинг менга ёзган хатлари. Хатларни ҳали очиб ўқимай туриб йиғладим, ҳўнграб-ҳўнграб йиғладим. Хоразмликлар анграйганича қолишди.

Уйга келиб, Талянинг хатларини ўқишга ўзимда куч топдим (қачонлардир, каттароқ бирон нарса ёзсам, бу хатларга яна мурожаат этаман). Ҳаммаси менга аталган, сўнггисида Украинадаги манзилини ҳам қолдирган эди. Шу заҳоти унга жавоб ёздим. Эртасигаёқ почтадан жўнатдим. Бир ҳафтадан кейин яна ёздим. Жўнатдим. Бир ойдан кейин яна… Охирги хатим 1998 йилнинг сўнгги кунларида жўнатилди. Биронтасига жавоб олмадим.

Кейин…

Кейин эса уни унутишни бошладим. Ичганда, мастлигимда, Таля билан бирга ўқилган китоблар қайта ўқилгандагина Таля эсга тушадиган бўлди.

Орадан 8 йил ўтди. Қанчадан-қанча Дилялар, Танялар, Гулялар, Зуляларни топдим, йўқотдим. Дилясида Талянинг қиёфасини кўрдим, Таняда Талянинг қоматини, Гуляда Талянинг ақлини, Зуляда Талянинг дунёсини топдим. Лекин бутун, бус-бутун Таляни қайтиб кўрмадим.

Ижтимоий тармоқлар кенгайиб, интернет орқали эски танишларни топиш имкони пайдо бўлгандагина уни қайта топдим. Лекин бу пайтда йигирманчи аср тугаб, аллақачон йигирма биринчи аср бошланиб улгурган, энди ўсмирлик тугаб, ёшлик ҳам ортга чекинаётган, қадриятлар ҳам анча-мунча ўзгаришлар учраган эди. Не ажабки, қачонлардир хипчабел, нозик-ниҳол-билқиллама Таля анчагина энга тортган, икки фарзанднинг онаси Таля холага айланиб улгурган экан. Таля топилганда ҳис-ҳаяжон, интиқлиқ катта бўлишига қарамай, интернет суҳбатимиз жуда қисқа бўлди. Бегона бўлиб улгурган эканмиз.

Шукр қилдимки, Тақдир бизни бир-биримизга керак ва мос бўлган пайтда учраштирган ва вақтида айрилтирган экан.

Шундан кейин, Таляни ҳатто ичганимдаям эсламай қўйдим.

Ва эсламаган бўлардим ҳам, ушбулар ёзилмаган бўларди, агар шу кунларда дунё қадриятларини остин-устун қилаётган Украина воқеалари юз бермаганида.

Украина Таляни эслатди, Таля эса эскирган, чанг босган хотираларни.

Мен сизга айтсам, Муҳаббат ўзи эски хотира.

Тугади.

Тавсия этамиз

Варламов бўлишни истайсизми?

Россиялик машҳур блогер Илья Варламовни биласиз а? Шунга ўхшаган машҳур блогер бўлиб кетишни истайсизми? Бугун …

Добавить комментарий