Бош саҳифа / Сиёсат / Brexit: Британия Евроиттифоқни тарк этадими?

Brexit: Британия Евроиттифоқни тарк этадими?

Бугун (23 июнь 2016 йил) Буюк Британияда “брекзит”, яъни Европа Иттифоқидан чиқиш масаласида референдум бўлиб ўтади. Агар референдумда иштирок этадиганларнинг кўпчилиги “ҳа” деб жавоб берса, Буюк Британия ортидан Евроиттифоқнинг бошқа аъзолари ҳам чиқиш истагини билдириши ва бу бугун биз билган Европани бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин.

1973 йили Буюк Британия бир нечта Европа давлатларидан ташкил топган “умумий бозор”га яъзо бўлган. Кейинчалик, 90-йилларда бу ташкилот асосида Европа Иттифоқи ташкил этилган.

Референдум фақатгина Буюк Британиянинг Евроиттифоқдан чиқиши масаласида бўлиб ўтаётган бўлса ҳам, у дунё сиёсати ва иқтисодиётига катта таъсир ўтказиши мумкин.

Нима учун “ҳа”?

Чиқиш тарафдорлари айтадики: Буюк Британия 70-йилларда аъзо бўлган ташкилот бугунги кунда анча ўзгариб кетган.

Уларнинг фикрича, асосан капитал ва ишчи кучи эркин ҳаракатланиши ва тижорий тўсиқларни олиб ташлаш учун тузилган иқтисодий ташкилот ўрнида юзага келган Европа Иттифоқи бугунга келиб давлат устидан назорат қилувчи ташкилотга айланган ва йилдан йилга ўзига янада кўпроқ сиёсий функцияларни олмоқда. Аъзо давлат учун, улардаги ички вазият ҳисобга олинмаган ҳолда, бажарилиши шарт қонунлар қабул қилмоқда. Чегараларни қўриқлашни ўз қўлига олиб, Британияни мигрантларга тўлдирмоқда. Валюта, молия ва ижтимоий ҳимоя масалалари ҳам шубҳали тарзда идора қилинмоқда. Испания, Греция ва бошқа ЕИ аъзоларига берилган иқтисодий ёрдам, масалан. Брюсселнинг бу тариқа ички ишларга аралашуви Буюк Британияда ҳаммага ҳам маъқул эмас ва бу ҳолатни ўзгартириш керак.

Нима учун “йўқ”?

“Брекзит”га қаршиларнинг даъволари асосан иқтисодий.

Биринчидан, улар фунтнинг қадрсизланиши ва ўзларининг даромадлари озайишидан ҳавотирда. Инвестор Жорж Сороснинг огоҳлантиришича, агар Британия Евроиттифоқни тарк этса, фунт 15-20% қадрсизланади.

Иккинчидан, уч миллион нафар атрофидаги британияликлар ЕИ билан савдо секторида ишлайди ва “ажрашиш”дан сўнг ўзларига янги иш қидиришларига тўғри келади.

Қишлоқ хўжалигида ишловчиларнинг аксарияти ҳам “брекзит”га қарши. Фермерлар Британия агросекторининг 73% маҳсулоти Европа Иттифоқи давлатларига экспорт қилинаётганини эслатиб, агар “брекзит” ғалаба қозонса бу бозор (гап асосан гўшт ва балиқ маҳсулотлари ҳақида бормоқда) ёпилишидан огоҳлантиришмоқда.

Учинчидан, Европада ишлаб чиқарилган товарлар аксарият ҳолларда Буюк Британияда ишлаб чиқарилганларидан арзонроқ ва маҳаллий компанияларни нархларни кўтармасликка мажбур қилади.

Тўртинчидан, ҳақ тўланувчи декрет таътили ва байрамлар каби оддий халқ учун ёқимли қарорлар айнан Брюссел босими остида қабул қилинган. Британияликлар Брюссел уларга қилган яхшиликларни керагича бахолай олмаяпти, деганида, ёзувчи Жоан Роулинг айнан шуларни назарда тутган эди.

Сўровлар нима демоқда?

Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши ва қолиши тарафдорлари бугунги кунда деярли тенг. Референдум натижасини қайси тарафга хайрихоҳларнинг сайлов участкасига кўпроқ келиши ҳал қилади.

ORB агентлигининг The Daily Telegraph газетаси учун ўтказган сўрови: Буюк Британиянинг 53% фуқаролари Евроиттифоқда қолиш, 46%и эса чиқиш тарафдори.

NatCen сўрови: 53% — ЕИда қолиш тарафдорлари, 47% — чиқиш тарафдорлари.

YouGov’нинг The Times учун ўтказган сўрови: 42% — Евроиттифоқда қолиш тарафдорлари, 44% — чиқиш тарафдорлари.

“Чиқиш” тарафдорлари кимлар?

Узоқ вақт Буюк Британиянинг Евроиттифоқдан чиқиш бўйича интилишини оддий британларнинг ҳукумрон табақага қарши ҳаракати сифатида кўрсатиб келинган эди. Фақат иқтидордаги тўдалар Европа Иттифоқида қолиш тарафдори экани, аҳоли эса бошқача фикрда экани иддао қилинар эди. Лекин бу фақат қисман тўғри.

Дарҳақиқат, Евроиттифоқдан чиқиш тарафдорлари орасида қуйи ўрта синфга мансуб ижтимоий нафақа олувчилар кўп. Бу гуруҳ фикри кўп ҳолларда ўткан сайловларда деярли 4 миллион овоз олган UKIP (Бирлашган Қироллик Мустақиллиги Партияси) тарафдорлари фикри билан ҳамоҳанг. UKIP тарафдорлари энг аввало ЕИ миграцион сиёсатидан норози ва Буюк Британия Сурия ва Африкадан келадиган қочқинлар учун чегараларни ёпишини ва меҳнат мигрантларни қабул қилмаслигини талаб қилишмоқда. Партия тарафдорларининг яна бир қисми Европа Иттифоқининг “муаммоли аъзолар”га молиявий кўмак кўрсатишига ҳам қарши.

Бироқ “брекзит” тарафдорлари орасида нафақат “оддий халқ”, балки британ катта бизнеси ва сиёсий элитаси вакиллари ҳам бор: масалан, консерваторларнинг бир қисми. Парламентдаги ториларнинг ярми, бош вазир Дэвид Кэмерон кабинетининг 5 аъзоси ва Лондон шаҳрининг собиқ мэри Борис Жонсон ҳам “чиқиш” тарафдорлари орасида. Уларнинг норозилиги мигрантлар эмас, Брюсселнинг ўзига тобора кўп ваколат олиб ўрнига ҳеч нарса бермаётгани билан боғлиқ.

Британиядан ташқаридаги “брекзит” тарафдори – АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп. Россия Федерацияси ҳам Буюк Британиянинг Европа Иттифоқни тарк этишидан манфаатдор экани айтилсада, ҳеч қайси рус амалдори ёки дипломати бу ҳақида гапирган эмас. Хусусан Россиянинг ЕИдаги доимий вакили Владимир Чижов бу ҳақида шундай деди: “Баъзилар Москва Буюк Британиянинг Евроиттифоқдан чиқишини қўллаб-қувватламоқда деб ўйлаши мумкин. Лекин бунинг учун ҳеч қандай асос йўқ.”

“Чиқиш”га қаршилар кимлар?

Европа Иттифоқида қолиш тарафдорлари – бош вазир Дэвид Кэмерон, 16 вазир, Лейбористлар партияси, Шотланд миллатчилари партияси, Шимолий Ирландиянинг Plaid Cymru партияси ва либерал демократик партия. Британ ёшларининг асосий қисми ҳам, ЕИ ҳудудидаги исталган давлатда иш топиши мумкинлиги сабаб, Евроиттифоқда қолиш тарафдори, деган фикр мавжуд.

21 июнь куни Кэмерон “брекзит” бўйича махсус баёнот бериб, Буюк Британия Европа Иттифоқидан чиқмаслигини ваъда қилди.

Буюк Британиянинг ЕИ таркибидан чиқишига қатъий қаршилардан бири – АҚШ президенти Барак Обама. Германия ва Франция ҳукумати ва бизнеси ҳам “брекзит”га қарши. Референдумга бир неча кун қолганда Франциянинг йирик компаниялари (Airbus, Air France, BNP Paribas, Danone, Dassault, Orange, Publicis, Thales ва бошқалар) қиролликнинг 4 асосий нашридаги реклама ўрнида британларни Евроиттифоқдан чиқишга қарши овоз беришга чақиришган.

Буюк Британия қироличаси Елизавета II референдум борасида бетараф эканини бир неча бор такрорлаган. Монарх офиси Sun газетасида қиролича “брекзит” тарафдори экани ҳақида чоп этилган мақолага анчайин қатъий муносабат билдирган.

Бизнес нима дейди?

Катта корпорациялар, умуман олганда, Европа Иттифоқида қолиш тарафдори. Чунки бу уларга импорт ва экспорт ишлари, арзон ишчи кучи (меҳнат мигрантлари ҳисобига) ёллаш учун қулай. Мисол учун, ўткан йили Британияда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг 77%и экспорт қилинган бўлса, шунинг 58%и Европа улушига тўғри келади. EasyJet авиакомпанияси британияликларни, агар “брекзит” ғалаба қозонса, чипталар нархи кескин кўтарилишидан огоҳлантирди.

Шу вақтнинг ўзида кўплаб ўрта ва кичик компаниялар Европа бозорида ўрнатилган қатор қоидалардан норози. Масалан – 48 соатлик иш ҳафтаси, вақтинчалик ишчилар мақомини доимий ишчилар билан тенглаштирувчи қоидалар ва ҳоказо. Экологик нормалар бўйича чекловлар ҳам шулар жумласидан. Бу каби қоидалар кичик компаниялар учун қўшимча ҳаражат деганидир. Шунга қарамай, Британия Савдо Палатаси ўтказган сўровга кўра, унинг 55% аъзолари Евроиттифоқда қолиш тарафдори.

Референдум ғояси қандай пайдо бўлган эди?

Европа Иттифоқидан чиқиш бўйича референдум ўтказишни бош вазир Дэвид Кэмерон февралда ўтказилган парламент сайловларидаги ғалаба ортидан ваъда берган эди. Бу ториларнинг сайловолди ваъдаларидан бири эди ва бош вазир бу ваъданинг устидан чиқишга мажбур бўлди, гарчи унинг ўзи Европа Иттифоқида қолиш тарафдори бўлса ҳам.

Сайловлардан сўнг Кэмерон Брюсселда Буюк Британия учун Евроиттифоқнинг бундан кейинги сиёсий ва иқтисодий интеграциясида иштирок этмаслик ҳуқуқини берувчи махсус мақом (статус) олишга эришди. Лекин бу консерваторларни ҳам, UKIP вакилларини ҳам қониқтирмади.

Референдумнинг мақоми қандай ва сўнгги қарорни ким қабул қилади?

Техник жиҳатдан, референдумда “брекзит” ғалаба қилган тақдирда ҳам, бу қарор парламент (у ерда “чиқиш”га қаршилар етарлича) томонидан рад этилиши мумкин. Лекин, Би-Би-Си ва бошқа британ ОАВ фикрича, ҳеч қайси парламент аъзоси халқ иродасига қарши қарор билан “сиёсий ҳудкушлик” қилгани ботина олмайди. Шундай бўлса ҳам, барибир, сўнгги қарорни парламент қабул қилади ва керакли қонун ҳужжатлари билан боғлиқ расмиятчиликлар анчагина вақт талаб қилиши мумкин.

Ким овоз бера олади?

Буюк Британиянинг 18 ёшдан ошган барча фуқаролари референдумда қатнашиши мумкин, шу жумладан чет элдан яшаётган фуқаролар ҳам, агар улар сўнгги 15 йил давомида сайловчилар рўйхатига киритилган бўлсалар.

Шунингдек, сайловда Буюк Британияда доимий истиқомат қилувчи Ирландия ва Миллатлар ҳамдўстлигига (Британия собиқ колониялари) кирувчи давлатлар – Мальта, Кипр, Гибралтар, Канада, Ҳиндистон, Покистон, Намибия, Янги Зеландия ва яна ўнлаб давлатлар фуқаролари овоз бериши мумкин.

***
Синоптиклар референдум куни жуда ноқулай об-ҳаво бўлишини маълум қилишди. Кучли шамол ва ёмғир ёғиши кутилмоқда. Бундай об-ҳаво шароитида қанча одам сайлов участкасига кела олади – бу 23 июнь куни маҳаллий вақт билан 22.00 да, референдум илк натижалари эълон қилинганида маълум бўлади. 24 июнь куни тонгги соат 4.00 да якуний натижалар чиқиши кутилмоқда.

Currenttime.TV материаллари асосида тайёрланди.

Тавсия этамиз

Трампистон

АҚШда президент сайловлари якунланди. Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини хоҳлаган эдим (доим демократ номзодларга “болеть” қилганман) …

Добавить комментарий