Бош саҳифа / Блогинг / «Breaking» блогпостлар ҳақида

«Breaking» блогпостлар ҳақида

Илк марта ташкил этилган блоггерлар танлови сабаб ўзбек блоггерларига нисбатан қизиқиш пайдо бўлди. Уларни турли тадбирларга айнан блоггер сифатида таклиф қилишадиган бўлди. “Next” савдо марказининг очилиш маросими, журналистларнинг мини-футбол турнири ва “Samsung Galaxy S5” тақдимот маросими каби тадбирлар шулар жумласидандир.

Блоггерларнинг турли тадбирларга таклиф этилишлари яхши, лекин, назаримда, улар ана шу таклифлардан яхши фойдалана олишмаяпти.

Ўша тадбирларда блоггерлар қатнашганини “Твиттер”даги кам сонли твитлардан билиб қолдик. Ҳеч қайси иштирокчи ўзи қатнашган тадбир ҳақида кичкина бўлсада блогпост ёзмади. Ваҳоланки, блоггерлар ана шу ўзлари қатнашган тадбирлар ҳақида бевосита гувоҳ (очевидец) сифатида жуда ажойиб блогпостлар ёзиши мумкин эди. Ишончим комилки, жуда қизиқарли блогпостлар чиққан бўларди.

Албатта, танлов ўзбек тилида одамлар эътиборини жалб этишга қодир нарсалар ёза оладиган блоггерлар мавжуд эканини кўрсатди. Лекин, улар ҳали шунчаки ташрифнинг ўзи билан бирор тадбирнинг рейтингини кўтариш, унга одамлар эътиборини ошириш даражасига чиқишгани йўқ. Уларнинг таклиф қилинишининг сабаби ҳам “Next” савдо маркази ёки “Samsung Ўзбекистон” раҳбарининг турнирда қатнашган бирор блогпостдан қаттиқ таъсирлангани эмас, балки, ўша блоггерларнинг шу тадбирда ҳақида блогпост ёзиши мумкинлиги бўлган бўлса, ажаб эмас.

Умуман, биз добзарб мавзуларни илғаш, ана шу доблзарб мавзулар ҳақида тезкор блогпостлар ёзиш борасида яхшигина оқсаяпмиз. Юқорида номи зикр этилган тадбирлардан ташқари ўтган ҳафта сўнггида танлов якунларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Ўрнимизда рус блоггерлари бўлганида, ўша куннинг ўзида ўша тадбир ҳақида турли хил бир-биридан қизиқарли блогпостларни эълон қилишган бўларди. Бизда эса, тадбир ўтганига 3 кун бўлган бўлса ҳам, ҳали ҳамон сукунат. Балки, юқоридаги барча тадбирлар ҳақида ҳали блогпостлар ёзилар, лекин, эндиликда ҳар уччала тадбир ўз долзарблигини йўқотиб улгурди.

Менимча, ўзбек блоггерлари компютер қаршисида ўтириб, ичидан бирор нарсаларни ўйлаб топиб блогпост ёзадиган вақтлар энди ўтди. Агар турнир баҳонасида юқорилаган эътибордан фойдаланиб, “бозор”даги мавқеимизни оширмоқчи бўлсак, ён-атрофимиздаги долзарб мавзулар ҳақида тезкор блогпостлар ҳам кўпроқ ёзишимиз керак.

Агар шундай қилсак, яқин келажакда блогларимиз ўз эгаларига оз-моз даромад ҳам келтириши мумкин. Мисол учун, “Samsung Galaxy S5” тақдимот маросими ҳақида ўша куннинг ўзида яхши блогпост ёзилганида, ўша блогга ташриф буюрувчилар сони анча ошган бўларди. Одамлар ўша блогга ижтимоий тармоқларда ҳавола беришарди. Блог (бошқа блогпостлар) ҳам, блоггер ҳам эътиборга тушиши мумкин эди. Бу ўз-ўзидан блоггернинг шунга ўхшаш бошқа тадбирларга ҳам таклиф этилишига олиб келади. Аста-секин, тадбирлардаги иштирок, у ҳақидаги блогпост пуллик бўлади. Қолаверса, блог машхурлашгач, унинг саҳифаларида реклама жойлаштириш имкони ҳам бор.

Блогдан пул қилишимизга ҳали қанча бор, билмадиму, лекин, долзарб масалаларни ўз вақтида, мавзу ҳали совиб улгурмасидан ёзишимиз учун вақл аллақачон келди. Ижтимоийлашайлик, долзарблашайлик, шунда, машхурлашиб қимматлашиб кетсак, ажаб эмас!

Тавсия этамиз

Варламов бўлишни истайсизми?

Россиялик машҳур блогер Илья Варламовни биласиз а? Шунга ўхшаган машҳур блогер бўлиб кетишни истайсизми? Бугун …

Добавить комментарий