Birdman

Ҳаётингизнинг маълум бир босқичида маълум ютуқларни қўлга киритдингиз, машҳур бўлдингиз. Орадан қанча йил ўтса ҳам сизни ҳамон ўша бир замонлар эришган ютуқларингиз сабаб танишади. Вазият шу даражагача етиб бордики, барча, у ҳаётда бундан ортиғига қодир эмас, деган хулосага келиб улгурди. Лекин, сиз ҳаётда бундан юқорироқ марраларни забт эта олишингиз мумкинлигини биласиз. Буни бошқаларга ҳам исботламоқчисиз.

Режиссёр Алехандро Иньярритунинг “Бёрдмэн” (Қуш одами) фильми ўз ўтмиши билан курашиш, ишончсизлик ва иккиланишларни енгиб ўтиш, келажакка интилиш ва энг муҳими ҳаётда ўзидан из қолдириш ҳақидадир. Албатта, кино ва театр оламини ичидан билган одам фильмда ижодкорнинг оғир қисматини ҳам кўра олади.

Фильм бош қаҳрамони – бир замонлар “Бёрдмэн” фильми бош қаҳрамони сифатида машҳур бўлган актёр. Эндиликда у Нью Йоркнинг энг машҳур теартларидан бирида спектакль саҳналаштирмоқчи. Лекин, унга деярли ҳеч ким ишонмайди. Унга Ҳолливуддан келган ва театр нималигини тушунмайдиган олифта сифатида қарайдиганлар ҳам йўқ эмас. Бунинг устига, қаҳрамоннинг шахсий ҳаёти ҳам бир текис эмас. Бу факторларнинг барчаси, қолаверса, репетиция жараёнида юз бераётган кўнгилсизликлар, бош қаҳрамонда ўзига бўлган ишончнинг дарз кетишига сабаб бўлади. Қаҳрамон бир вақтнинг ўзида уни тинимсиз таъқиб этаётган ўтмиши билан ҳам курашишга мажбур.

Охир оқибат қаҳрамон, ўз ҳаётини ҳавф остига қўйиш эвазига бўлса ҳам, кўзлаган мақсадига эришишга муваффақ бўлади. Балки, бу билан фильм ижодкорлари, одамнинг қадрига етиш учун у ўлиши шарт эмас, деган ғояни илгари суришмоқчи бўлгандир…

Хуллас, «Бёрдмэн» “Бетмэн” ёки “Ўргимчак одам”га ўхшаш навбатдаги дунёни қутқаришга ошиқаётган супер қаҳрамон ҳақидаги фантастик фильм эмас. Бу фильм уларга мутлақо ўхшамайдиган, одамни ўйлашга мажбур қилувчи, фалсафий маънога бой кинокартинадир.

Шу ўринда фильм режиссёри Алехандро Инярриту ва бош оператор Эммануэль Любецкининг меҳнати ва маҳоратини ҳам алоҳа қайд этиб ўтиш жоиз. Уларнинг ижод маҳсули дарҳақиқат “Оскар”га лойиқ.

Амир Шах: Тан оламан, Бёрдмен киносини икки марта кўрдим, шу даражада ёқиб қолгани учун эмас, балки, биринчи марта кинони кўриб асл “мағзини” чақа олмаганим учундир. (Балки икки марта ҳам унча тушунмагандирман). Фильм ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсам, у барабан мусиқаси билан бошланади, ва бутун фильм давомида ўша мусиқа билан давом этади. Фильмнинг — инсон ҳозирги ҳаётидан кўра бахтлироқ ва омадлироқ бўлган ўтмиши таъқиб қилиши ва ўтмишга қайтишини “талаб” қилиши асосида қурилган. Инсон ўтмиши билан мулоқотга киришганда келажакга бўлган ишончини кўрсатишга ҳаракат қилиши жуда кучли тасвирланган. Асосий ғоя шу, менимчада энди. Фильм ҳеч қанақа чиройли саҳналар, спец-эффектларсиз олинган. Иньярриту барчасини имкон қадар содда ва оддий қилган. Майкл Киттон ва Эдвард Нортон қойилмақом қилиб ўйнашган. Айтганча фильмда жуда кўп ажойиб цитаталар бор. — Агар қўрқмаганингда нима қилардинг? — Сени кўзларингни ўйиб олардим — Қандай ажойиб… — Уларни ўз кўзларим ўрнига қўйиб, оламни қачонлардир кўрган пайтимдек кўриш учун. Айтганча, фильм ҳақида бировдан таъриф сўрсангиз албатта, фақат 2 хил жавоб оласиз: 1) Шедевр. 2) “Мусор”. Иккаласига ҳам ишонманг, ўзингиз кўринг.

Тавсия этамиз

Ёпишмаган гажаклар ва тўл(дирил)маган абзацлар

Жинпинг. Цзиньпинь. Хуллас шу одамнинг исми-шарифининг ўзбекчада қандай ёзилиши борасида “асосан дунё кўрган, чет тилидаги …

Добавить комментарий