Бош саҳифа / Дилдаги гаплар / Амир Темур, Бойқаро ва Жекман

Амир Темур, Бойқаро ва Жекман

Комил Ёрматовнинг “Алишер Навоий” фильмини кўрганмисиз? Раззоқ Ҳамраев бош ролда ўйнаган фильм. Шу фильмдаги Султон Хусайн Бойқаро ҳақида қандай фикрдасиз? Кимга қандай билмадиму, шу фильмни илк бор кўрганимда, Хусайн Бойқаро туну-кун ичкиликка, кайф-сафога берилган золим бир подшоҳ бўлган экан, деб хулоса қилганман. Адабиёт дарсида “Хусайн Бойқаро алкаш бўлган экан” деб роса балога қолганман.

Дарсдан кейин адабиёт ўқитувчимиз Совет даврида темурийлар атайин қоралангани, одамлар айнан мен каби хулоса қилиши учун Хусайн Бойқаро образи шундай талқин қилингани ҳақида, аслида эса Хусайн Бойқаро, Ҳазрат Навоийнинг жуда ёрқин нури фонида бироз хира кўринишига қарамай, анчайин оқил одам бўлгани, санъат ва адабиётга бегона бўлмагани, ҳатто, Хусайний тахаллуси билан ғазаллар битгани ҳақида гапириб берганди. Яъни, унинг фақат қора эмас, оқ тарафи ҳақида ҳам айтиб берган. Яна қанча одам мен билан бир хил хулоса қилгану, қанчасига адабиёт ўқитувчиси дарсдан кейин алоҳида тушунтирган, айтиш қийин.

Нима демоқчиман? Сўнгги кунларда, блоггер Азиз Қаршиев ёзганидек, бош ролни Хью Джекман ижро этиши кутилаётган Амир Темур ҳақидаги фильм, дарҳақиқат, кўп муҳокама қилинди. Фильмга рус тадбиркорлари ҳомийлик қилиши ҳақида, фильм Амир Темурнинг рус ерларига қилган юришлари ҳақида бўлишини эшитгунимга қадар, бу янгиликка унча эътибор бермаган эдим, тўғриси.

Бу ерда мени кўпроқ ҳавотирга солган нарса – рус ёки бошқа миллатларнинг фильмни кўргач Амир Темурга нисбатан нафрат туйғусини туюши эмас, балки, ўзимизнинг одамлар онгида ҳам Амир Темур сиймоси айнан Хью Джекман яратган образ тимсолида муҳрланиб қолиши.

Кўпчилик ётиб олиб кўраётган сериаллардан бири – “Муҳташам юз йил” (аср). Ундаги Султон Сулаймон образи ҳақиқий Султон Сулаймон образига қанчалик мос келади? Эрдоган вақтида айнан шу сабаб фильмни қоралаб чиққан эди. Лекин, ким нима дейишидан қатъий назар, биз энди Султон Сулаймон деган исмни эшитганимизда, ўша “Муҳташам юз йил”даги Сулаймонни кўраверамиз.

Шарабара деган блогдаги бир блогпостда муаллиф ўзимиз ҳақида ўзимиз биринчи бўлиб хабар бермас эканмиз, ахборот урушида мағлуб бўлаверишимиз ҳақида ёзиб: “Ўтмишда оғир ва оғриқли тажрибамиз бор. Ҳатто ўз халқимизни ҳам ишонтира олмай қолгандик. Чунки кечиккандик” – деб ёзган эди.

Кино ҳам ахборот тарқатишнинг бир тури. Бизнинг даврга келиб эса ахборот урушидаги қуроллардан бири. Шундай экан, бу жабҳада ҳам кечга қолмаслик зарур. Кейинчалик қанча фильм олиниб, қанча кўрсатув тайёрламанмасин, одамлар онгига сингиб улгурган қиёфани ўчириш мушкул бўлиши мумкин. Гап бу ерда Амир Темурнинг ижобий образини тарғиб қилишда ҳам эмас. Муҳими – тарихимиз ҳақида тасаввур четнинг бир ёқлама киноларига таянган ҳолда уйғонмаслигига эришиш.

Бир ақлли одам айтганидек, буларнинг ҳаммаси ИМҲО, албатта.

Тавсия этамиз

Ёпишмаган гажаклар ва тўл(дирил)маган абзацлар

Жинпинг. Цзиньпинь. Хуллас шу одамнинг исми-шарифининг ўзбекчада қандай ёзилиши борасида “асосан дунё кўрган, чет тилидаги …

Добавить комментарий