Бош саҳифа / Сиёсат / Альцгеймерга учраган миллат

Альцгеймерга учраган миллат

Ўзбек миллати Альцгеймер ҳасталигига учраганга ўхшайди. Альцгеймерда авваламбор яқин ўтмишдаги воқеалар хастанинг эсидан чиқа бошлайди. Касаллик тараққий этиши билан, узоқ ўтмишдаги ҳодисалар ҳам хотирадан ўчади, натижада одам ночор маразга айланади. Биз ҳам Беруний, Бухорий, Амир Темурларнинг буюклигини эслаб туриб, миллий давлатчилигимизнинг тамал тошини қўйган, бугунимиз учун жуда муҳим бўлган ХХ аср бошларидаги воқеаларни, кези келганда, эслай олмаяпмиз. Ёки, эслашни ёқтирмаймиз.

Масалан, бугун, роппа-роса юз йил олдин, Марказий Осиёда тарихга “1916 йил қўзғолони” сифатида кирган халқ кўтарилиши бошланди. Лекин бу ҳали ҳам пухта ўрганилмаган ўта муҳим воқеа ҳақида миллий тарихчиларимиз эмас, рус тарихчилари ва сиёсатшунослари кўпроқ қайғураяпти. Рус олимлари шу мавзуда 2016 йилнинг ўзида иккита катта халқаро конференция ўтказишди (биринчиси, иккинчиси).

Тарихимизнинг бу саҳифасига рус тарихчилари кўрсатаётган қизиқишнинг сиёсий сабаблари бор, албатта. Рус миллатида яхлит тарихий дунёқараш ва шунга асосланган сиёсат мавжуд. Бу сиёсат изчиллик билан амалга оширилиб келмоқда.

Хусусан, рус тарихчилигида Марказий Осиё халқлари Рус империясига кўнгилли равишда қўшилган ва бундан ниҳоят фойда кўрган, чунки Рус империяси Марказий Осиёга “прогресс ва цивилизацияни” олиб келган деб иддао қилинади. Бугун бизнинг расмий ОАВ ёки тарихчиларимиз томонидан умуман тилга олинмаган 1916 йилдаги халқ исёни эса Россиянинг доимий душманлари бўлиб келган турк ва олмон, инглиз жосуслари томонидан пантуркизм ва панисламизм ғоялари ниқобида уюштирилган бўлиб, одатда бир-бирига ҳайриҳоҳ бўлган биродар рус ва туркистонликларни ўртасида, қисқа муддатга бўлса ҳам, нифоқни чиқаришга муваффақ бўлган. Маҳаллий бойлар ўз ўғилларини ўрнига камбағалларни мобилизация қилинганлар рўйхатига тиқиб юборганлиги ҳам халқнинг кўтарилишига сабаб бўлди. Юқоридаги халқаро конференцияларнинг асосий хулосаси (ва рус тарихчилигининг расмий нуқтаи назари) мана шулардан иборат эди. Рус тарихчилигининг бу уринишларининг ортида яширилган энг асосий мақсад: Рус (Совет) империясининг колониал сиёсатини оқлаб, ҳозирги рус элитаси томонидан “русский мир” ғояси орқали фаол тарғиб қилинаётган неоколониал сиёсатини легитимлаштиришдир. Ушбу нуқтаи назардан фарқли барча талқин ва қарашлар “миллатчилик ва тарихни сохталаштириш” деб бахоланмоқда ва Марказий Осиё тарихчилари “тарихни қайта ёзишдан” огоҳлантирилмоқда.

Юз йил олдин рўй берган воқеаларни бугун эслаш ўзи шартми?

Файласуф Эрнаст Ренан фикрича, халқни ягона миллат сифатида унинг дини, тили ёки жуғрофияси эмас, балким икки принцип шакллантиради. Биринчиси – муштарак тарихий ўтмиши, иккинчиси – келажакда ҳам биргаликда яшаш истаги, умумий меросдан келишган ҳолда фойдаланиш. (Нация, как и индивидуумы, это результат продолжительных усилий, жертв и самоотречения. Культ предков — самый законный из всех; предки сделали нас такими, какими мы являемся в настоящее время. Героическое прошлое, великие люди, слава (но истинная), — вот главный капитал, на котором основывается национальная идея. Иметь общую славу в прошлом, общие желания в будущем, совершить вместе великие поступки, желать их и в будущем — вот главные условия для того, чтобы быть народом. Любят пропорционально жертвам, на которые согласились, пропорционально бедам, которые пришлось перенести).

Қонга ботирилган 1916 йилдаги халқ қўзғолони ва Туркистон мухторияти, жадидларнинг қатлиоми ўзбек халқининг миллий истиқлол йўлида берган ана шундай қурбонлиги эди. Ва бу тарихий саналар лоақал бугун ўзбек ОАВ ва расмийлар томонидан ёдга олиниши керак эди. Афсус, ҳеч ким эсламади. Демак, ўзбек миллати учун берилган бу қурбонликлар мавжуд эмас, барчаси бекор.

Тарих ҳар доим қайта ёзилган, унинг барҳаёт эканлиги ҳам шундан иборат. Ўзбек миллатининг ўтмишига муносабати, манфаатлари ўзгараяпти, замонамизнинг янги таҳдидлари пайдо бўлаяпти – тарихга муносабатимиз ҳам ўзгариши керак. Тарихни қайта ёзишда муҳими – уни миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда биз ўзимиз ёзишимиз, биз учун бошқалар эмас.

Лекин айнан шу “муштарак тарихимизни” ёзишни биз эплай олмаяпмиз. Бунинг натижаси ўлароқ, жамиятимиз умумий тарихга ўз муносабатида ҳам бўлинган. Русийзабон аҳоли бошқа тарихга эга (рус (совет) тарихчилигининг нуқтаи назаридан таъсирланган), ўзбек тилида гапирадиганларнинг ўзининг тарихи бор.

Президент Каримов бир неча бор ҳақиқий тарихни ёритишга чақирган бўлса ҳам (Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2015 йил 12 январ куни ўтказилган биринчи ташкилий йиғилишида янги сайланган депутатлар олдида нутқини қаранг), расмий тарихчилигимиз охирги пайтларда иложи борича ХХ аср тарихини ёритишдан қочаяпти.

Айниқса, бугунги ўзбек миллатини том маънода “яратган” жадидлар, уларнинг сиёсий-ижтимоий қарашлари ва фаолиятини ўрганиш номаълум сабабларга кўра, юмшоқроқ қилиб айтганда, “қўллаб-қувватланмайди”, жадидчиликни ўрганиш адабётшунослик фани билан чекланиб қолган. Лекин биз ўзимизнинг тарихимизни ёзишдан воз кечар эканмиз, биз учун аллақачон бошқалар томонидан тайёр тарих ёзилганини эсдан чиқармаслигимиз керак. Зеро, ёзувчи Оруэлл айтганидек, тарихни ёзганлар, келажакни бошқаради. Бугунни бошқарганлар эса, ўтмишни бошқаради.

Сардор Салимнинг Фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифасидан олинди.

Тавсия этамиз

Трампистон

АҚШда президент сайловлари якунланди. Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини хоҳлаган эдим (доим демократ номзодларга “болеть” қилганман) …

Добавить комментарий