Бош саҳифа / Жамият / Эллардайс, журналистика ва ватанпарварлик ҳақида

Эллардайс, журналистика ва ватанпарварлик ҳақида

Кеча Англия терма жамоаси бош мураббийи Сэм Эллардайс коррупцион можаролар ортидан истеъфога чиқарилди. Бу воқеа оммавий ахборот воситаларининг жамиятда тутган ўрни ва ватанпарварлик ҳақида баъзи фикрларни ёдга солди. Тўғрисини айтсам, бироз ҳавасим ҳам келди.

Аввало оммавий ахборот воситалари ҳақида. The Telegraph нашри ўн ой мобайнида ўтказган текшируви натижасида Сэм Эллердайс “тузоққа тушди”. Англия футбол ассоциацияси эса бу янгилик ортидан “Катта Сэм”ни ишдан бўшатди. Бу воқеа баъзи давлатларда, хусусан Англияда оммавий ахборот воситалари, дарҳақиқат, тўртинчи ҳокимиятга айланиб улгурганини яна бир бор исботлади. Шу ўринда Англия футбол раҳбариятининг янгиликка муносабати ҳам эътиборга молик. Олдинда терма жамоани кутиб турган муҳим ўйинларни ўйлаб мураббийнинг қилмишларини беркитишга ёки журналистнинг овозини ўчиришга урингани йўқ. Чунки Англияда миллат жамоасига коррупционер бош мураббийлик қилиши терманинг Жаҳон чемпионатига чиқа олмаслигидан каттароқ шармандалик ҳисобланади.

АҚШдаги Колумбия журналистика мактабида студентлар учун шундай топшириқ берилади: “Тасаввур қилинг, сиз АҚШ мудофаа вазирининг иш хонасида ундан интервью оляпсиз. Телефон жиринглайди ва вазир тахминан уч дақиқага сизни хонасида ёлғиз қолдиради. Хонада ёлғиз қолгач сиз қоғозларингизга термулиб ўтирмайсиз-ку, вазир хонасига кўз югуртирасиз (ахир сиз журналистсиз!). Ва иш столи устида АҚШ 10 кундан кейин бошқа бир давлатга уруш очиши ҳақидаги махфий ҳужжатга кўзингиз тушади. Бу маълумотни билгач, нима қиласиз?”. Америкалик журналистлар бир дақиқа ҳам ўйланиб ўтирмай: “Биз бу маълумотни оммага етказиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Бу ўқувчиларимиз олдидаги бурчимиз, ахир урушга уларнинг оталари, ака-укалари сафарбар қилинади” – деб жавоб беришади.

Айни шу савол россиялик журналистларга берилганида, фақат бир журналист вазирга уруш ҳақидаги миш-мишлар ҳақида савол беришини айтади. Қолган журналистлар эса, ватанпарварлик туйғуси уларга маълумотни ошкор қилиб, ватанини шарманда қилишга йўл қўймаслигини айтишади.

Биздаги журналистлар бу саволга қандай жавоб беришган бўлар эди, айтиш қийин. Шуниси аниқки, бизнинг журналистларда ҳам вазият ва замонга яраша ватанпарварлик ва миллатпарварлик ҳисси анча кучли ва америкалик журналистларникидан кўра рус журналистлари ватанпарварлигига яқинроқ.

Сэм Эллардайс атрофидаги воқеалар ҳам Англия футбол ассоциацияси обрўсига катта путур етказиши аниқ. Қолаверса, терма жамоа Жаҳон чемпионати саралаш турнири доирасидаги муҳим ўйинлар олдидан бош мураббийсиз қолди. Лекин ишончим комилки, эртага терма жамоа ютқазиб қўйса, ҳеч ким The Telegraph журналистларини ватанпарвар эмасликда айбламайди. Биринчидан, Англияда журналист учун ватанпарварлик – муаммолар ҳақида ўз ўқувчиларига холис ва ишончли ахборот бериш эканлигини журналистларнинг ўзи ҳам, ўқувчилар ҳам, раҳбарият ҳам жуда яхши тушунади. Иккинчидан эса, юқорида айтганимдек, Англия учун коррупционернинг миллий терма жамоада бош мураббий бўлиши Жаҳон чемпионатига чиқа олмасликдан кўра шармандалироқ нарса ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Риочилар ва Санжар Саид ҳақида

Агар биз сизнинг ишончингизни оқламаган бўлсак – бу бизнинг муаммоимиз эмас – бу сизнинг муаммо. …

Добавить комментарий