Бош саҳифа / Дилдаги гаплар / Абдулла Орипов ҳақида

Абдулла Орипов ҳақида

Жами тирикликка таниш шу хатар,
Қумурсқа яралган ёппа таларга.
Дўстим, алам қилар, арслон бехабар,
Ем бўлиб кетсак шу қумурсқаларга.

2008 йили буюк қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов вафот этганида Жалолобод вилоят ҳокимиятида ишлар эдим. Ҳукумат бир кун мотам куни эълон қилди. Бўлим бошлиғимиз ҳаммамизни ўз хонасига тўплаб, ушбу хабарни етказа туриб шундай деганди: “Чингиз Айтматов вафоти муносабати билан бир мотам эълон қилинди. Гарчи уни умуман ҳурмат қилмасам ҳам, ҳукумат шундай қарор чиқарган экан, эртага ишга келмаймиз.”

Ўзи ҳам шеър ёзиб турадиган бўлим бошлиғимизнинг бутун дунё тан берган буюк ёзувчини нега ҳурмат қилмаслигини тушунмаганман ўшанда. “Асрга татигулик кун”дан кейин Чингиз Айтматовга ўзимнинг ҳам меҳрим тушганиданми, ҳар қалай, бошлиғимнинг гапи ёқмаган. Ичимда, ўзинг ким бўпсанки, Айтматовни ёмонлайсан, деган ҳам бўлсам керак. Назаримда ҳамма, айниқса қирғизлар, Чингиз Айтматовни ҳурмат қилиши, ундан фахрланиши ва унинг вафотидан чуқур қайғуга тушиши керак эди.

Йиллар ўтиб ҳамма ҳам, шу жумладан қирғизлар ҳам, Айтматовни яхши кўрмаслигини, ундан фахрланмаслигини тушуниб етдим. Қайтанга, қайсидир асаридаги қайсидир гаплари кимларгадир оғир ботиб, уни миллатни шарманда қилган деб билиб, ёмон кўрадиганлар ҳам бор экан. Шахсан таниганлар орасида ҳам уни яхши кўрувчилар қатори, ёмон кўрувчилар ҳам бор экан.

Чингиз Айтматов – дунё тан олган, асарлари кўплаб тилларга таржима қилиниб, катта тиражларда чоп этилган буюк ёзувчи. Бунга шубҳа йўқ. Қирғизистон ва қирғиз халқини дунёга танитишда қўшган ҳиссаси ҳам беқиёс. Назаримда, ёзувчининг вафотидан кейин қоладиган энг муҳим нарса шу. Шунинг ўзиёқ унинг вафоти муносабати билан мотам куни эълон қилиниши, давлат томонидан ҳурмат билан дафн этилиши, мамлакат бош майдонида унга ҳайкал ўрнатилиши, пойтахтдаги энг катта кўчалардан бирига унинг номи берилиши учун кифоя. Кўпчилик Чингиз Айтматовни ёзувчи сифатида, фақат унинг асарлари орқали танир эди. Ёзувчи Чингиз Айтматовни яхши кўришади, унинг истеъдодига тан беришади, ундан фахрланишади. Кўпчилик учун Чингиз Айтматовнинг қандай одам бўлгани, ким билан яхши, ким билан ёмон алоқада бўлганининг умуман аҳамияти йўқ.

Ўзбек халқининг буюк фарзандларидан бири Абдулла Ориповнинг вафоти ортидан ижтимоий тармоқларда билдирилаётган турли салбий фикрлар юқоридагилар ёзилишига сабаб бўлди. Абдулла Ориповни яхши кўришга ҳеч ким мажбур эмас. Лекин, менимча, шоир Абдулла Ориповнинг истеъдодига, унинг шеърларини халқ орасида яхши кўришларига тан бермай илож йўқ. Унинг ўзбек адабиётидаги ўрни, бутун бошли эпоханинг рамзларидан бири экани ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Давлат учун эса у мадҳия муаллифи, Ўзбекистон қаҳрамони. Давлат шунга яраша ҳурмат кўрсатади. Буни ҳам қабул қилишга мажбурсиз.

Умуман олганда, вафот этган одам ҳақида ёки яхши гап айтилади, ёки умуман гапирилмайди. Халққа ўзининг севимли шоирини сўнгги йўлга муносиб кузатишига халал берманг.

Абдулла Ориповни Яратган ўз раҳматига олсин!

Тавсия этамиз

Шам ёнар эди…

Қўнғироқ Андрей Петрович бутунлай умидсизликка тушган бир маҳалда жиринглади. — Салом, мен эълон бўйича қўнғироқ …

Добавить комментарий